“Навоий уран” давлат корхонаси томонидан энг азиз, энг улуғ байрам - давлатимиз мустақллигининг 34 йиллиги муносабати билан Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида байрам шодиёнаси ташкил этилди.
“Навоийуран” давлат корхонаси мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамият касб этувчи корхоналардан бири сифатида нафақат миллий миқёсда, балки халқаро майдонда ҳам ўз нуфузини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш натижасида корхона жадал тараққиёт йўлидан бормоқда.

Корхонада лойиҳа офиси ташкил этилганидан буён 50 дан ортиқ мамлакатдан 100 га яқин компания билан алоқалар ўрнатилди. Бундан ташқари, халқаро ҳамкорлик доирасида йирик компаниялар билан қатор қўшма лойиҳалар қўлга киритилди.
Австралия, Япония, Франция, Хитой, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан уран қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида қўшма дастурлар амалга ошмоқда. Шунингдек, Мўғулистонда корхонанинг расмий ваколатхонаси очилди. Австралиянинг Cauldron Energy компанияси билан янги конни ўзлаштириш бўйича муҳим келишувга эришилмоқда.

- Байрам муносабати билан ишчи-ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилди, - дейди 6-Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Даврбек Темиров. - Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўқув қуролларидан иборат тўпламлар тақдим этилди. Ёлғиз пенсионерлар ҳолидан хабар олиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларнинг уйларига озиқ-овқат тўпламлари етказилди. Шунингдек, Навоий, Зафаробод, Учқудуқ, Нуробод майдонларида катта концертлар ташкил этилди.
Шодиёна давомида корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ҳамда “Навоийуран фахрийси” унвонлари билан тақдирландилар.

- Байрам арафасида корхонамиз раҳбарияти томонидан меҳнатимиз эътироф этилиб, III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирлашди, - дейди корхона бўлими бошлиғи Ойбек Усанов. - Мен 17 йиллик фаолиятим давомида икки маротаба фахрий ёрлиқ олган эдим. Бу галгиси мени жудаям хурсанд қилди. Корхонамиз республикамиздаги уран ишлаб чиқариш бўйича ягона компания саналади. Бу ерда ишчи-ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя ва карьера учун барча имкониятлар мавжуд.
Тадбирда она Ватанни, тинчлик ва дориломон кунларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.



А.Бўриев, ЎзА мухбири