Йил сайин юртимизда бўлаётган улкан янгиланиш ва бунёдкорликлар туфайли аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланиб, яшаш даражаси ўсиб бармоқда. Шундай масъулиятни ҳис қилган ҳолда, “Тошкент вилояти тажрибаси – садоқат намунаси” тамойилини жойларда тизимли амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳудуд бўйича ўтган уч йилда 15 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 58 мингтага етди. 2025 йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятда камбағаллик даражаси 8 фоиз(64 мингта оила)дан, 5,4 фоизга тушди. Сўнгги ўн ой давомида эса ҳоким ёрдамчилари томонидан Тошкент вилояти бўйича жами 39 минг 436 та микролойиҳа амалга оширилди. Бу кўрсаткич йиллик режанинг қарийб 100 фоизини ташкил этади.

Микролойиҳаларнинг катта қисми қишлоқ хўжалиги, томорқачилик, савдо-сотиқ, хизмат кўрсатишнинг бошқа йўналишларига тўғри келади. Шунингдек, камбағал оилалар иштирокида ҳам 7 мингга яқин лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилганини таъкидлаш мумкин. Энг фаол ҳудудлар сифатида Зангиота, Тошкент, Қибрай ва Янгийўл туманлари ажралиб турибди. Ушбу натижалар микробизнесни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда маҳаллий иқтисодиётни барқарор ўсиш йўлига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Биргина “Кучлук” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи оилавий тадбиркор Сотиболди Файзуллаев томорқадан йилига 500 миллион сўмгача даромад олади. У томорқасида Озарбайжон ва Грузия давлатларида оммалашган фундук (ўрмон ёнғоғи) дарахтини парвариш қилади. Шу билан бирга, 25 минг туп дарахт кўчатлари ҳам экилган.

– Бир нечта йиллардан бери шу йўналишда фундук кўчатларини вилоятимиз аҳолисига етказиб берамиз, – дейди оилавий тадбиркор Сотиболди Файзуллаев. – Бунинг ҳосили бозорда 100 минг сўмгача сотилади. Асосийси дарахт иссиқ ва совуққа чидамли. Ўзи аслида бу дарахт кўчатларини икки йилда кўчириб ўтказишга тайёр бўлади. Лекин биз агрономлар тавсияси билан парваришлаб, бир йилда савдога чиқаряпмиз. Бир кўчатни 40 минг сўмдан сотамиз. Келгусида яна 30 сотих майдонда кўчатхона ташкил қилиш учун ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан имтиёзли кредит олишни мақсад қилганмиз.

Ўрта Чирчиқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик кўмаклашиш бўлими раҳбари Сардор Ўталовнинг айтишича, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси бўйича жойларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида ишсизлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, иссиқхона, томорқа ер майдонларида микролойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/S2ehAm0BuPU" title="Istiqbolli mikroloyihalar aholibandligini ta’minlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА.