Бугунги истеъмолчи кечаги кун истеъмочисидан фарқ қилади. Йилдан-йилга уларнинг билими ошиб, ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши англай бошлаган. Энди ҳуқуқлари бузилса, вақт ва маблағ сарфламасдан қайси ташкилотга мурожаат қилишни билади.
Буни қуйидаги мурожаатлардан ҳам англаш мумкин. Навоий вилояти Кармана тумани Бобур кўчаси 21-уйда яшовчи фуқаро Зафар Ўралов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг туман жамиятига мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўради.
Мурожаатда маълум қилинишича, жорий йил 14 октябрь куни Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи фуқаро уйининг дарвозахонаси учун 7 миллион 350 минг сўмлик гранит тош харид қилган. Маҳсулот сифат талабларига жавоб бермагани сабабли фуқаро уни сотувчига топширган. Бироқ тўлаган маблағи ўз вақтида қайтарилмагани учун у туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этган.
Яна бир ҳолатда эса Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Нуриддинов ўз ҳуқуқлари тикланишида ёрдам сўраб Федерациянинг “Ишонч телефони” орқали оғзаки мурожаат йўллайди.
Унда туманда фаолият олиб бораётган “Э” МЧЖ билан дераза ромлари олиш учун оғзаки шартнома қилиб, 5 та дераза ромлари ва дераза токчаси учун 19 миллион сўм тўлаганлиги, МЧЖ томонидан 20 йил кафолат берилганлиги, бироқ бир ой муддат ўтмасдан дераза ромлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини, бир неча бор МЧЖ ходимлари ва раҳбарига маҳсулотни алмаштириб беришини айтган бўлса-да, мурожаати эътиборсиз қолдирилаётганлиги баён қилинган.
Кармана туманидаги Ҳазора маҳалласида яшовчи фуқаро Юлдуз Обидова эса Федерациясининг телеграм бот каналига электрон савдо дўконидан бўлиб тўлаш асосида музлатгич буюртма қилганлиги, лекин кейинчалик шартномани бекор қилиб, музлатгични олмаганлигига қарамай дўкон ходимлари томонидан қарздорлик ҳисобланганидан норозилик билдириб, мурожаат қолдирган.
Барча мурожаатлар жамият мутахассислари томонидан қонуний ўрганилиб, истеъмолчилар фойдасига ижобий ҳал этилган.
– Жамиятимиз томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олганмиз, – дейди Федерациянинг туман жамияти раҳбари Сардор Нишонов. – Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида истеъмолчилардан жами 45 та, жумладан, 18 та ёзма ва 27 та оғзаки мурожаатлар қабул қилинган. Уларнинг 42 таси, яъни 93,3 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 371 миллион сўм миқдордаги етказилган моддий ва маънавий зарарлар ундирилишига эришилган. Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг 56 фоизи савдо, 11 фоизи хизмат кўрсатиш ва сервис, 11 фоизи сув, газ ва электр таъминоти, 4,4 фоизи комунал ва қолган қисми бошқа соҳаларга тегишлидир.
А.Бўриев ЎзА