2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон бозорларида озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар нархларида йиллик ўзгаришлар кузатилди. Расмий статистик маълумотларга кўра, аксарият товар ва хизматлар бўйича нархлар барқарор бўлиб, ўсиш суръатлари паст даражада қайд этилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари
Ўтган йилнинг шу ойига нисбатан бир қатор маҳсулотлар арзонлашди. Шафтоли нархи 28,7 фоиз, тарвуз 21,8 фоиз, булғор қалампири 19,7 фоиз, узун ва юмалоқ донли гуруч 18 фоиз атрофида, бодринг 17,6 фоиз, банан 15,1 фоиз ва саримсоқ 14,7 фоизга пасайди.
Шу билан бирга, айрим маҳсулотлар қимматлашди. Суяксиз мол гўшти нархи 25,3 фоиз, карам 24,7 фоиз, суякли мол гўшти 24,2 фоиз, кунгабоқар мойи 22,6 фоиз, пиёз эса 18,9 фоизга ошди.
Умуман олганда, истеъмол нархлари индексига кирувчи 170 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизи бўйича йиллик ўсиш 10 фоиздан кам бўлган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари
Октябрь ойида пропан нархи 18 фоиз, А4 қоғоз 3,9 фоиз, йирик ошхона жиҳозлари 3,5 фоиз, кондиционерлар 1,3 фоиз, овқат тайёрлаш приборлари 1 фоиз ва телевизорлар 0,3 фоизга арзонлашди.
Никоҳ узуги нархи 33,4 фоиз, метан 30,5 фоиз, газеталар ва журналлар 15,3 фоиз, бензин 11,7 фоиз, дезодорант 10,3 фоиз, табиий гуллар 9,8 фоиз, сигарет 9,6 фоиз, дераза ойнаси эса 8,7 фоизга кўтарилди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 97 фоизи бўйича йиллик ўсиш 10 фоиздан паст бўлиб қолмоқда.
Хизматлар нархлари
Хизматлар бозорида айрим йўналишларда пасайиш кузатилди.
Пул ўтказмалари 4,8 фоизга, микромолиявий хизматлар 0,2 фоизга арзонлашди. Давлат олий таълим муассасаларида ўқиш, мобил интернет, суғурта хизматлари нархлари ўзгармади. Халқаро авиарейслар нархи 1,9 фоиз, концерт заллари хизматлари 3,9 фоиз, банк хизматлари 4,1 фоиз, квартира ижара ҳақи 4,2 фоизга ўсди.
Бироқ, қатор хизмат турлари сезиларли қимматлашди. Ички авиарейслар 52,3 фоиз, тармоқ гази 39,2 фоиз, совуқ сув 35,1 фоиз, музей хизматлари 32,3 фоиз, чиқинди ташлаш 28,6 фоиз, суюлтирилган газ 25 фоиз, шаҳар автобуслари йўл ҳақи 22,3 фоиз, давлат боғчалари 21 фоиз, марказий иситиш 20,9 фоиз, электр энергияси эса 18,8 фоизга ошган. Хизматларнинг 66 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлиб қолмоқда.
Аҳоли истеъмоли бўйича нарх динамикасининг умумий кўриниши бозор барқарорлигини акс эттириб, айрим йўналишларда мавсумий ўзгаришлар давом этмоқда.
Ҳамроз Баянов, ЎзА