Нукус шаҳридаги 22-сонли мусиқа ва санъат мактабида “Сен истеъдодлисан!” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган танловда шаҳар ва туманлардаги 34 та умумий ўрта таълим мактабидан 6 нафар ўқувчи, уйда, якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларнинг эса 27 нафари иштирок этди. Уларнинг 15 нафари эстрада-вокал (анъанавий ижрочилик), 17 нафари тасвирий санъат, 1 нафари қўл меҳнати йўналишида ўз истеъдодини намойиш этди. Ҳайъат аъзолари танлов низомида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, якуний баҳолаш мезонлари асосида йўналишлар бўйича ғолибларни аниқлади.
Эстрада-вокал (анъанавий ижрочилик) йўналиши бўйича биринчи ўринни Бўзатов туманидаги 13-мактабдан уйда якка тартибда таълим олаётган 8-синф ўқувчиси Темур Утебаев, иккинчи ўринни Қораўзак туманидаги 2-мактабнинг 3-синфида таълим олаётган Зулайха Юсупбекова, учинчи ўринни Амударё туманидаги 30-мактабдан уйда якка тартибда таълим олаётган 7-синф ўқувчиси Умиджон Ўразматов, тасвирий санъат йўналиши бўйича Нукус шаҳридаги 25-мактабдан уйда якка тартибда 4-синфда таълим олаётган Молдир Утегенова биринчи, Қўнғирот туманидаги 56-мактабдан уйда якка тартибда 9-синфда таълим олаётган Збира Қудайбергенова иккинчи, Тўрткўл туманидаги 44-мактабдан уйда якка тартибда таълим олаётган Моҳинур Ортиқбоева учинчи ўринларни эгаллашди.
[gallery-26158]
– Инклюзив таълим – барча учун тенг имкониятлар таъминланган ҳолда бериладиган таълим. Яъни, алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олиб, таълим олувчиларга тенг имкониятларни яратишга қаратилган ўқув жараёнидир. 2021-2022 ўқув йилида синов тариқасида мамлакатимизнинг 31 та умумтаълим мактабида инклюзив ва бошланғич коррекцион синф ташкил этилган бўлса, бугунги кунда улар 2 мингтага етди. Уларда 4 минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган ўқувчилар таълим-тарбия олмоқда. Эндиликда уларга нафақат билим бериш, балки уларнинг истеъдодларини намойиш этишга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йил “Мен ҳам шу Ватаннинг бир бўлагиман” шиори остида “Сен истеъдодлисан!” танлови ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Инклюзив таълим ва меҳрли мактаб фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимининг бош мутахассиси Ўрол Худойбердиев.
Биринчи ўринларни эгаллаган ўқувчилар танловнинг республика босқичига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FG2I5w3m9zQ" title="Iste’dodli yoshlar taqdirlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари