Юртимиздаги олий таълим муассасаларида анъанавий тарзда ўтказиладиган “Талабалар баҳори – 2025” фестивали бу йил ҳам ўзгача руҳда, юқори савияда ўтказилди.
Ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларнинг маданий-эстетик дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган ушбу фестиваль бир неча кун давомида юртимиздаги барча олий ўқув юртларида қизғин ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Фестиваль доирасида талаба-ёшлар санъат, спорт, фан ва бошқа турли йўналишларда ўзаро мусобақалашиб, ўз салоҳияти, истеъдоди ва фаоллигини намойиш этди. Юртимиз келажаги бўлган бу истеъдодли авлод вакилларининг ҳар бир чиқиши томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Мусобақа ғолиби деб топилган иқтидорли талаба-ёшлар учун Тахтакўпир туманида жойлашган “Қоратеран” этнотуристик мажмуасида тақдирлаш кечаси ташкил этилди. Бу ерда ҳудуднинг ажойиб табиат манзаралари, сўлим тоғлари, мусаффо ҳавоси фестиваль ғолиблари учун чинакам илҳом манбаига айланди.

Айнан шу ерда ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими ва катта гала-концерт ўтказилди. Тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов бошчилигидаги олий ўқув юрти жамоаси, талаба-ёшлар фаол иштирок этди.
Тадбир давомида фестиваль ғолибларига эсдалик совғалари, диплом ва ташаккурномалар топширилди. Шунингдек, гала-концертда ёшлар ўзларининг энг сара ижодий чиқишларини намойиш этиб, барчага унутилмас кеча ҳадя этди.
“Талабалар баҳори – 2025” фестивали нафақат ёшларнинг иқтидорини намоён этиш, балки уларнинг Ватанга муҳаббатини, фидойилик руҳини янада мустаҳкамлайдиган муҳим маданий-маънавий тадбирга айланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.