Кўпгина бегуноҳ инсонлар қони тўкилишига сабабчи бўлган, вайронагарчилик ва талафот келтирган Исроил – Фаластин можаросини яхшироқ тушуниш ҳамда эҳтимолий ечимлар хусусида мунозара юритиш мақсадида ЎзА сиёсатшунос Фарход Толиповга мурожаат қилди.

Тарихий омил
– Сизнингча, қайси тарихий воқеалар Исроил – Фаластин муносабатининг ҳозирги ҳолатига жиддий таъсир кўрсатди?
– Исроил – Фаластин можароси асрлар мобайнида давом этиб келмоқда, деб бемалол айтиш мумкин. Бир томондан диний, иккинчи томондан халқаро геосиёсий сабаб туфайли вужудга келган келишмовчилик жуда чигал ва чуқур илдиз отган муаммодир. 1947 йил Фаластин ҳудудида Исроил давлати тузилди, лекин фаластинликларга мустақиллик берилмади. Айни шу омил кўплаб экспертлар томонидан нотўғри ва адолатсиз қабул қилинган қарор сифатида мунозара марказида бўлиб келмоқда. Шундан буён аксар араб мамлакатлари яҳудий давлати мустақиллигини инкор қилиб, бир неча бор “лоскоут” жорий қилди. Бу жараён “Араб – Исроил уруши” деб ҳам аталади. Фақат 1970-йилларда вазият бироз юмшаган, ўшанда Миср Исроил мустақиллигини тан олди ва ўзаро тинчлик битимини имзолади.
Сиёсий жиҳат
– Ҳар икки томон сиёсий раҳбарияти ва турли бошқарув тузилмалари давом этаётган кескинликда қандай ўрин тутади?
– Ўтган йил октябрь ойида ХАМАС ташкилоти Исроилга қилган ҳужумга жавоб тариқасида яҳудий давлати ҳам ўз амалиётини бошлади. Ғазо ҳудудидаги барча ҳаракатлар шундай талқин қилинмоқда. Дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлаётган воқеалар асносида эса бу юриш нафақат бир ташкилот, балки бутун фаластинликларни жазолаш тарзида намоён бўляпти. Охирги маълумотга қараганда, шу пайтгача можаро туфайли 40 минга яқин ёш-қари, асосан оддий аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Тарихан маълумки, сионизм ёки ультра-сионизм номли мафкура яҳудийлар, жумладан Исроилга хос. Бу ғоя негизида арабларга, ислом динига қарши тушунчалар мавжуд. Бинобарин, Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат айни таъсирдан холи, дейиш қийин.
Ташқи кучлар таъсири
– АҚШ, Европа Иттифоқи ва минтақадаги араб давлатлари каби ташқи кучлар Исроил – Фаластин муносабати ривожига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
– Шубҳасиз, баъзи геосиёсий омиллар мавжуд. Юқорида қайд этилганидек, бу фақат Исроил ва ХАМАС ўртасидаги уруш эмас. Муаммонинг ташқи, халқаро ўлчами жуда йирик. Бундан ОАВ орқали яхши хабардормиз. Маълумки, алоҳида давлат сифатида шакллангандан бери Исроилни АҚШ ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Сабаби, Америкада жуда кўп яҳудий яшайди. Улар шу даражада қудратлики, бемалол Қўшма Штатлар сиёсатига таъсир ўтказа олади. Демак, Исроилнинг техникавий, ҳарбий, сиёсий ва маънавий ҳаётида, деярли, муаммо йўқ. Қайд этиш жоиз, айни пайт Байден бошчилигидаги ҳукумат ҳам, Европа Иттифоқи ҳам Фаластинда юз бераётган ачинарли воқеаларга барҳам бериш кераклигини бир неча бор таъкидлади. Испания, Франция, Италия каби қудратли давлатлар урушни қоралаб, БМТ сингари қатор халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қилди.
Халқаро ҳуқуқ
– Ҳар икки томоннинг ер ва суверенитетга даъвосини баҳолашда халқаро ҳуқуқнинг роли қандай?
– Албатта, бу можаро туфайли қатор халқаро ҳуқуқий зиддиятлар вужудга келди. Масалан, Фаластин ерида Исроил мустақиллиги тан олиниб, Фаластинни фақат автономия сифатида қолдириш фаластинликларни мустақил суверен давлатга эга бўлиш мақомидан маҳрум этди. Масаланинг оғриқли жиҳати шундаки, уруш олиб бораётган томонлар маълум меъёр ва тамойилларга бўйсиниши, жумладан биринчи навбатда бегуноҳ аҳоли вакилларига зиён-заҳмат етишининг олдини олиши халқаро ҳуқуққа асосан қатъий белгилаб қўйилган. Афсуски, Исроилнинг асосий қурбонлари оддий халқ вакиллари бўлмоқда. Яъни, халқаро стандарт қўпол тарзда бузилмоқда.
Келажак истиқболи
– Сизнингча, исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида мустаҳкам тинчликка эришиш учун нима қилиш керак?
– Ҳозир мутахассислар, олимлар, йирик давлатлар мутасаддилари ушбу можарони тўхтатиш мақсадида бош қотиряпти. Айни дам БМТ сингари халқаро тузилмалар кўп йилдан бери давом этаётган зиддиятни эскича ёндашув билан ҳал қила олмайди. 1945 йил, ташкил топганда қабул қилинган БМТ Низоми, Хавфсизлик Кенгаши таркиби ва тамойилларини ислоҳ қилиш, аниқроқ айтганда, ўзгартириш пайти келган. Эҳтимол, масаланинг ечими айнан шу тузилманинг амалий куч-қудрати, янгиланган тизимига бориб тақалар. Яна бир асосий салоҳият калити эса, кўплаб мутахассислар эътироф этаётганидек, аввало, бир ҳудудда жойлашган 2 давлатдан бири, яъни Исроил мустақил бўлгани каби, Фаластинга ҳам шундай ҳуқуқ берилиши керак. Яҳудий ҳукумати эса ҳозирча фаластинликларнинг миллий давлатчилигини тан олмаяпти.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди.
ЎзА