Испаниядан ташриф буюрган туристлар сони ошди
Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Меҳмонхоналар, тарихий ва маданий обидалар, туризм инфратузилмаси яхшиланаётгани хорижий туристларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
2025 йилда Испаниядан келган туристлар сонининг ўсиши шу тенденцияни яна бир бор тасдиқлади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда жами 27,5 минг нафар Испания фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 минг нафарга ёки 16,6 фоизга кўп бўлган.
Туристлар сафар мақсадлари бўйича қуйидагича тақсимланган:
- Саёҳат – 26,3 минг нафар;
- Қариндошларни йўқлаш – 740 нафар;
- Хизмат юзасидан – 467 нафар;
- Ўқиш учун – 15 нафар;
- Тижорат учун – 2 нафар.
Бу Испания фуқароларининг Ўзбекистонга қизиқиши ўсиб бораётганини кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА