Испания Қуролли кучлари мутахассис кадрлар танқислигини бошдан кечирмоқда, жуда кўп фаол ҳарбий хизматчилар ишини тарк этиб, хусусий компанияларга ўтиб кетишяпти, деб ёзган “Mundo” газетаси.
– Мансаб ёқмаслиги, аҳоли кексайиб бораётгани туфайли Испания армиясида кадрлар етишмовчилиги юзага келмоқда. Ходимлар тақчиллиги боис Қуролли кучлар олдида икки ёқлама муаммо пайдо бўлган: айни мавқени ёшлар учун жозибадор қилиш ва тайёрланган иқтидорли ҳарбий кадрларни ушлаб қолиш, – дейилган газета хабарида. – Бу муаммо анъанавий тарзда ҳаво ва фазо кучларини қамраб олган. Масалан, учувчилар француз самолётлари ишлаб чиқарувчи “Airbus” каби компанияларга жўнаб кетмоқда. Зеро, бундай йирик хусусий корхоналарда уларнинг маҳорати муносиб баҳоланади.
Мухбир Американинг “Амазон” компаниясига ўтган ҳарбийлардан интервью олишга муваффақ бўлди.
– Тўрт йил олдин Амазон ҳарбий хизматчилар ёллай бошлагани ортидан ходимларимиз ёппасига ушбу компанияни танлашига олиб келди, – дейди фрегат капитани Гонзало. – Мен АҚШда ўқиганим учун биринчилардан бўлиб кетдим. Испанияда Бош штаб курсини тугатганимдан кейин ўсиш истиқболи унча аниқ эмаслигини англадим.
Газета армия ҳолатини таҳлил қилиб, ҳарбий ҳаётни назорат қилувчи ташкилот раиси Мариано Касадонинг фикрини ҳам келтирган:
– Ҳарбий кадр етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш учун нафақат маошни кўтариш, балки армия обрўсини ҳам ошириш ва хизматнинг турли босқичларида аскарлар қандай мартабага эришиши мумкинлиги ҳақида ўйлаш керак.
С.Раҳимов, ЎзА