
Туризм қўмитаси томонидан Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор, Карачи ва Исломобод шаҳарларида мамлакатимизнинг туризм имкониятлари тарғиботига бағишланган “Road show” тадбирлари ташкил этилмоқда.
“Road show” тадбирлари Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида ҳам ўтказилди. Унда Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев ва Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси директори Афтаб Ур Реҳман Рана ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев қатнашди.


Тадбир доирасида “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” тақдимоти намойиши ҳамда икки давлатнинг туристик операторлари ўртасида “Б2Б”, “Г2Б” ва “Г2Г” учрашувлар ташкил этилди. Шу билан бирга, “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси тақдимоти ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти, кейинги йилларда жадал ривожланиб бораётган қишки ва тоғ туризми, шунингдек мамлакатнинг ўзига хос гастрономик имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир якунида Ўзбекистоннинг санъат соҳаси вакиллари иштирокида маданий тадбир ҳамда юртимизнинг гастрономик салоҳияти намойиш этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА