Мисрнинг “Ақидатий” (Менинг ақидам) номли ахборот сайтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг “Мотуридийлик — мўътадиллик мезони” номли мақоласи эълон қилинди.
Юртимизда ислом маърифатини чуқур ўрганиш ва буюк аждодларимизнинг меросини кенг тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида эълон қилинган мақолада Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва у асос солган мотуридийлик таълимотининг мазмун-моҳияти кенг ёритилган. Хусусан, унда мотуридийлик таълимоти исломдаги мўътадиллик, бағрикенглик ва маърифат асоси экани таъкидланади.
Мақолада Имом Мотуридий “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот ал-Қуръон” каби асарлари орқали ақл ва нақл ўртасидаги мувозанатни асослаб бергани, унинг таълимоти радикализм ва экстремизмга қарши маърифий курашда муҳим дастак экани алоҳида қайд этилган.
Матнда, шунингдек, Имомнинг шогирдлари ва мазҳабнинг кейинги ривожланишига катта ҳисса қўшган уламолар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қабул қилинган қарор ва бу тадбир доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция ҳақида маълумот берилган.
Мақолада Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг илмий меросига янада чуқур назар ташлаш, улар асос солган маърифатпарварлик йўлини ҳаётга татбиқ этиш орқали бугунги кундаги турли ғоявий хатарларга қарши маънавий иммунитет яратиш зарурлиги алоҳида уқтирилади. Шу маънода мазкур мақола нафақат илм аҳли, балки кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим маърифий аҳамиятга эга.
"Ақидатий" – Мисрнинг нуфузли "Ал-Жумҳурия" нашриётига қарашли, исломий ва ижтимоий мавзуларга ихтисослашган веб-платформа ҳисобланади. Сайтнинг асосий мақсади халққа ислом ақидасини тўғри ва мўътадил тарзда етказиш, диний билимларни оммалаштириш ҳамда замонавий ҳаётда диннинг ўрни ва аҳамиятини тушунтиришдир.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири