Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИСЛОМ – НУР, ҚУРЪОН – ИЛМ

Муборак Рамазон ойининг файзли кунларида ислом фалсафаси йўналиши бўйича фан доктори, профессор Маҳмудхўжа Нуритдинов билан динимизнинг мазмун-моҳияти, исломшунослик фани тарихи ва унинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти хусусида суҳбатлашдик.

Таниқли олим ва имом-хатиб Маҳмудхўжа Нуритдиновнинг кўп йиллик илмий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иброҳим Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтлари билан чамбарчас боғлиқдир. Унинг тадқиқотлари шарқшунослик, манбашунослик, исломшунослик, араб–мусулмон фалсафаси ва замонавий фалсафий йўналишларни кенг қамраб олган. 1997–1999 йилларда Ўзбекистон халқаро ислом тадқиқотлари маркази мудири лавозимида фаолият юритган олимнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “Ал-Ҳидоя” асари биринчи жилди ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган.

Халқаро илмий доираларда ҳам эътироф этилган Маҳмудхўжа Нуритдинов 2000 йилдан АҚШ Биография институти хорижий илмий маслаҳатчилар кенгаши аъзоси, 2005 йилдан эса Нью-Йорк Фанлар академияси аъзоси сифатида хорижда Ўзбекистон маданияти тарихини тарғиб этиб маърузалар қилиб келмоқда. Бугунги кунда олим 40 га яқин китоб ва монографиялар ҳамда 400 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи ҳисобланади.

— Муқаддас динимиз исломнинг жамият ва халқимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Сўзимни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрлари билан бошламоқчиман: “Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз. Биз жуда кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат, Ислом динини ўрганиш ва ўргатиш ташаббуси билан чиқяпмиз. Ислом — бу фақат нурли ҳаёт. Исломни ниқоб қилиб, террорчи бўлиш ёки ёт оқимларга кириш — Ўзбекистонга асло ярашмайди!”

Дарҳақиқат, ислом дини асрлар давомида халқимизнинг муқаддас эътиқоди ва маънавий ҳаётининг дастуриламали бўлиб келган. Шу боис, бугунги янги жамиятда диний қадриятларга алоҳида ҳурмат ва эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, жамият ва дин манфаатлари муштараклигини мустаҳкамлаш, маънавиятни юксалтириш олдимизда турган долзарб вазифадир. Маънавий меросимизни тиклаш, хусусан, ислом назарияси, тарихи, фалсафаси, ҳуқуқшунослиги ҳамда ахлоқи билан боғлиқ масалаларни чуқур тадқиқ этиш ниҳоятда муҳим.

Мустабид тузум даврида бу илмларнинг ўрганилмай қолгани соҳада маълум бўшлиқларни юзага келтирди. Оқибатда динни фақат тоат-ибодатдан иборат деб билиш, унинг теран фалсафаси, юксак маънавияти ва инсонпарварлик моҳиятидан бебаҳра қолишдек бир томонлама ёндашувлар кузатилди. Ваҳоланки, ислом — ҳаёт фалсафасидир. У инсонни ҳалоллик, адолат ва ўзга дин вакилларига эҳтиром руҳида тарбиялайди.

Шу боис, исломга нафақат диний таълимот, балки ижтимоий ва маънавий тараққиётимизнинг муҳим омили сифатида қарашимиз лозим. Динимизнинг илмий ва маърифий қирраларини ҳаққоний равишда халқимизга етказа олсаккина, жамиятда диний таассуб ва жаҳолатга ўрин қолмайди. Зеро, аждодларимизнинг бой илмий меросини англаш ва исломий қадриятларнинг асл моҳиятини тушуниш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

— Шу ўринда исломшунослик фанининг ривожланиш тамойиллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Исломшунослик — ислом дини, унинг тарихи, таълимоти ва жамиятдаги ўрнини ўрганувчи диншуносликнинг муҳим соҳасидир. Ушбу йўналиш ислом фалсафаси, уйғониш даври цивилизацияси, сўфийлик таълимотлари, ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ), хусусан, ҳанафийлик мазҳаби тарихи каби кенг қамровли мавзуларни тадқиқ этади. Шунингдек, калом илми, ислом илоҳиёти ва муқаддас манбаларнинг матншунослик ҳамда филологик таҳлили ҳам фаннинг диққат марказида туради.

Бу соҳа исломнинг илк даврларидаёқ Қуръон ва ҳадисларни жамлаш, уларни тизимлаштириш жараёнида шаклланган. Саҳобаларнинг турли ўлкаларга ёйилиши натижасида Мадина, Макка, Куфа, Басра, Шом ва Мовароуннаҳр каби йирик маърифат марказлари вужудга келди. Ақидавий масалаларни ақлий ва нақлий далиллар билан асословчи калом илмининг юзага келиши эса соҳада “мутакаллим” олимлар табақасини шакллантирди.

Мовароуннаҳр заминида ҳам калом илми ва фиқҳ мактаблари юксак даражада ривожланди. VIII – IX асрларда Абу Муқотил Самарқандий каби илк намояндалардан сўнг, Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абул Муин ан-Насафий каби буюк мутафаккирлар етишиб чиқди. Имом Аъзам Абу Ҳанифа асос солган ҳанафийлик мактаби эса минтақамизда фиқҳ илми равнақига беқиёс ҳисса қўшди. Мусулмон Шарқи тарихида Бағдоддаги “Байтул ҳикма”, Хоразмдаги Маъмун академияси каби илм даргоҳлари диний ва дунёвий билимлар уйғунликда ривожланган ҳақиқий маърифат масканларига айланди.

Афсуски, мустабид тузум даврида исломшунослик фани фақат атеистик нуқтаи назардан талқин қилинди, исломий қадриятлар асоссиз қораланди. Бу эса соҳада чуқур билимга эга бўлган дунёвий мутахассисларнинг етишмаслигига олиб келди.

Мустақиллик йилларида барча фанлар қатори исломий илмларни ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар эшиги очилди. Буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Халқаро ислом тадқиқот маркази ташкил этилди. Бугунги кунда исломшунослик соҳасида тадқиқот олиб борувчи олимдан нафақат шарқшунослик руҳи билан суғорилган бўлиш, балки араб ва форс тилларини мукаммал билиш, қўлёзма манбалар билан бевосита ишлай олиш ҳамда фалсафий таълимотлар тарихидан чуқур хабардор бўлиш талаб этилади. Зеро, фақат манбаларга асосланган ҳаққоний илмгина жамиятни маънавий юксалишга етаклайди.

— Сўнгги йилларда юртимиз исломшунослигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон — нафақат минтақавий, балки жаҳон цивилизацияси ва ислом маданиятининг қадимий марказларидан биридир. Бу табаррук заминда камол топган алломалар ислом илми хазинасига беназир ҳисса қўшганлар. Охирги йилларда ушбу бой меросни тизимли ўрганиш ва исломшунослик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш борасида тарихий қадамлар қўйилди.

Хусусан, 2017 йилда Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, Мир Араб мадрасасига олий мақом берилиши ҳамда пойтахтимизда Ислом тамаддуни марказининг бунёд этилиши юртимиздаги маърифий уйғонишнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу марказлар нафақат нодир қўлёзмалар хазинаси, балки ислом оламининг юксак илмий салоҳиятини намойиш этувчи масканларга айланмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши диний ва дунёвий билимларни мужассам этган олий малакали мутахассислар, исломшунос олимлар тайёрлашда муҳим пойдевор бўлди.

Бугун олдимизда турган энг долзарб вазифа — тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ ва тасаввуфга оид манбаларни чуқур тадқиқ этган ҳолда, улардаги илғор ғояларни жамиятда мавжуд ижтимоий-маънавий муаммолар ечимига йўналтиришдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, ислом илмини тадқиқ этишда дин арбоблари ва дунёвий олимларнинг яқин ҳамкорлиги ниҳоятда зарур. Бундай тандем ўзаро ишонч руҳида фаолият юритиб, жаҳолатга қарши маърифат билан курашадиган илмий муҳитни мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи жаҳон ҳамжамияти учун муҳим даъват бўлди. Президентимиз дунё минбаридан туриб “ислом” ва “терроризм” тушунчаларини сира тенглаштириб бўлмаслигини, аксинча, динимизнинг асл гуманистик ва маърифий моҳиятини англаш зарурлигини уқтирди. Дунё етакчилари орасида биринчи бўлиб “маърифатли ислом” ғоясининг илгари сурилгани эса Ўзбекистоннинг бу борада халқаро миқёсда ташаббускор эканини тасдиқлади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги исломшунослик фанининг асосий вазифаси — тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини илмий асосда тарғиб қилиш орқали халқимизни, айниқса, ёшларимизни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш ва маънавий юксалишга хизмат қилишдан иборатдир.

— Қуръони карим маъноларини ўрганиш ва тафсир йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Бугунги кунда дунёдаги бир миллиарддан ортиқ мусулмон араб тилидан бошқа тилларда сўзлашади.  Илоҳий каломни халқларнинг ўз она тилида ўқиб-ўрганиши учун шароит яратиш уларнинг эътиқод ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада бой илмий-маданий меросга эга диёримизнинг Ислом оламидаги нуфузи жаҳон аҳлига яхши маълум.

Ҳозирга қадар ўзбек тилида Қуръони карим матнининг бир қатор таржима ва тафсирлари амалга оширилди. Бу асарлар нафақат диний қўлланма, балки исломшунослик ва манбашунослик йўналишидаги муҳим тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, марҳум шайхларимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Усмонхон Алимовнинг тафсирлари, Алоуддин Мансур ва Абдулазиз Мансур қаламларига мансуб маънолар таржималари халқимизнинг маънавий хазинасидан мустаҳкам ўрин олди.

Устозларимизнинг ижодидан илҳомланган ҳолда, мен ҳам кўп йиллик илмий изланишларим маҳсули сифатида 2018 йили “Қуръони карим маъноларининг илмий-изоҳли академик таржимаси” устидаги тадқиқотимни ниҳоясига етказдим. Мазкур китобнинг биринчи ва иккинчи нашрлари 2018 ва 2021 йилларда Германиянинг “Glob.Edit” нашриётида чоп этилди. Шунингдек, 2020 йили АҚШнинг машҳур “Amazon” компанияси нашриёти томонидан “Қуръони карим сўз ва ибораларининг арабча-ўзбекча илмий-изоҳли мухтасар луғати” (4280 сўз ва иборани қамраган) дунё юзини кўрди. 2021 йилда унинг иккинчи нашри ҳам Германияда босилиб чиқди. 2023 йилда эса навбатдаги меҳнатим — “Қуръон сўз ва ибораларининг илмий-изоҳли луғати” АҚШда катта ададда нашр қилинди.

Бу каби таржималар халқимизнинг ақлий салоҳияти ва зиёлиларимизнинг эҳтиёжларини акс эттириши билан бирга, илоҳий Китоб мазмунини замондошларимизга тушунарли тилда етказишга хизмат қилади. Қуръон замиридаги илм ва ҳикматлар воситасида жаҳолат ва қолоқликдан халос бўлиш мумкинлигига шубҳа йўқ. Бугунги кунда ҳам мусулмон, ҳам номусулмон давлатларда Қуръон маъноларини таржима қилишга қизиқиш кучли. Бунга умид ва ҳайрат билан қараш лозим, чунки Қуръон нафақат диний манба, балки инсоният ҳали кашф этишга улгурмаган ҳисобсиз дурларни ўз бағрида асраётган бепоён уммондир.

Ислом динини ижтимоий ва маънавий тараққиётимизнинг тарихий омили деб билар эканмиз, Қуръонни илм-фан ривожининг йирик ҳаракатлантирувчи кучи сифатида тан олишимиз зарур. Унинг ўзига хос “илмий энциклопедия” экани бугун жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан аллақачон эътироф этилган ҳақиқатдир.

Гулшод АЗИМОВА суҳбатлашди,

ЎзА