Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган янгиланиш жараёнлари замирида инсон манфаатларининг устуворлиги турибди.
Айни пайтда муқаддас Ислом динининг тинчликпарвар, адолатпарвар, маърифатпарвар ғояларини халқимизга кенг тушунтириш, бу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро ҳамкорликни тобора кучайтириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилгани эътиборга молик.
Кейинги йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам бу йўналишда халқаро ва республика миқёсида илмий-амалий анжуманлар ўтказиш эзгу анъанага айланди. Ушбу илмий-маърифий масканда ташкил этилган “Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги навбатдаги халқаро илмий-амалий конференция диний-маърифий соҳадаги тадқиқотлар натижалари бўйича фикр алмашиш имконини яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Халқаро анжуманда эътироф этилганидек, кейинги йилларда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, дунё илм-фани, маданияти ва тараққиётига катта ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, ёшларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, юртимизнинг жаҳон цивилизацияси марказларидан бири сифатидаги тарихий мақоми ва нуфузини тиклаш юзасидан янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Бу йўналишдаги эзгу ташаббусларнинг узвий давоми сифатида 2025 йил 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжат билан мамлакатимиздаги илмий-тадқиқот марказлари сони яна биттага кўпайди.
Диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш йўлида Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи сифатида белгиланди.
Маълумки, бугунги шиддатли глобаллашув даври соҳа мутахассислари олдига бир қатор муҳим вазифаларни қўймоқда. Дунёнинг турли бурчакларида Ислом дини манбаларини нотўғри талқин қилиш оқибатида юзага келаётган мазҳаблараро ва динлараро, ксенофобия, исломофобия, миллатчилик, айирмачилик каби иллатлар асрлар давомида тинч-тотув яшаб келган халқларни душманга айлантираётгани сир эмас.
Бундай глобал таҳдидлар қаршисида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этади. Шуларни ҳисобга олиб, конференция иштирокчилари бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Ажуманда “Қуръон илмлари ва тафсирга оид замонавий илмий тадқиқотлардаги ёндашувлар”, “Жамият бирдамлигини таъминлашда оятлар ва ҳадисларни тўғри талқин қилишнинг аҳамияти”, “Қуръони карим ва ҳадислар маъносини тўғри тушунишда зарур бўлган илмлар”, “Қуръони каримда турли адашган тоифа ва оқимларга раддия бериш услублари” каби масалалар бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга, “Замонавий ихтилофларга ҳадислар асосида илмий раддиялар бериш”, “Ҳадислардан ҳукм олишда ҳанафий мазҳаб уламоларининг қарашлари”, “Мовароуннаҳрлик муфассир ва муҳаддис уламолар илмий меросини тадқиқ ва тарғиб қилиш” каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди.
Конференцияга маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда тадқиқотчилар томонидан 100 дан ортиқ мақола тақдим этилган бўлиб, бу анжуманнинг аҳамияти ва нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради. Мазкур мақолалар таҳрир ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, тўплам сифатида нашр этилади.
Конференция иши икки шўъбада олиб борилди. Биринчи шўъбада қуръоншуносликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган бўлса, иккинчи шўъба иштирокчилари “Глобаллашув даврида диний ихтилофларнинг олдини олишда ҳадис ва ҳадис илмларининг ўрни” мавзусида фикр алмашди.
Мутахассисларга кўра, мазкур анжуман Ислом динининг асл инсонпарварлик ва тинчлик дини сифатидаги таълимоти, жамият тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятини очиб бериш, адашган тоифаларга раддия бериш, ихтилофларнинг олдини олиш, ёшларга соғлом эътиқод асосида тарбия бериш, уларни мафкуравий хуружлардан сақлаш, жамиятдаги долзарб муаммо ва масалаларга илмий ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро конференцияда “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида диний-маърифий ишларни давом эттириш, исломшунослик соҳасида долзарб масалалар бўйича илмий изланишларни кучайтириш, илмий тадқиқотлар хулосалари бўйича фикр алмашиш учун илмий конференцияларни мунтазам ўтказиш зарурлиги олимлар ва тадқиқотчилар томонидан алоҳида таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА