Навоий вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда бош бошқарма бошлиғи Лутфулло Хайруллаев тизимда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, вилоятда 2025 йил бошида камбағаллик даражаси 5,7 фоиз ҳамда ишсизлик даражаси эса 4,9 фоизни ташкил этган. Ишсизликни янада камайтириш мақсадида жорий йилда 140 минг нафар, жумладан, 1-чоракда 27,5 минг нафар аҳолини даромад келтирадиган меҳнат билан банд қилиш белгилаб олинган эди. Айни пайтда 28,6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 558 нафар раҳбарга 2573 та камбағал оила бириктириб берилган. Уларнинг оила вакиллари билан учрашишлари натижасида 14,5 мингтага яқин муаммо аниқланган. Ҳозирга қадар аниқланган масалалардан барқарор бандлик, кафолатланган тиббий хизмат, касб-ҳунар ва таълим, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, яшаш шароитларини яхшилаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган.

– Дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 2025 йил якуни билан 30,1 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш ва камбағаллик даражасини 3,4 фоизга тушириш кутилмоқда, – дейди Л.Хайруллаев. – Ҳозирда вилоятда 41 та оғир маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича жами 123 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шундан аҳоли томорқаларини суғориш учун 2 дона насос агрегатларини қуриш, 79 дона артезиан қудуқ қазиш ҳамда жами 33 км узунликда тармоқ тортиш, лоток тармоғи ўрнатиш ва аҳоли хонадонларига кириб борувчи ариқларни бетонлаш ишлари режалаштирилган. Ушбу ишларнинг амалга оширилиши натижасида 41 та маҳалладаги 6863 та хонадоннинг томорқасига сув чиқариб бериш орқали даромад манбаи билан таъминланади ва натижада 12,6 минг нафар аҳоли банд қилинади.

Бугунги кун ҳолатига 79 та артезиан қудуқ қурилиш ишлари якунланди. 30 км узунликда тармоқ тортилиб, ариқлар тозаланди.
Вилоятда 143,2 мингта хонадонга тегишли 12 минг 787 гектар томорқа майдонларининг 12 минг 195,4 гектарига тўқсонбости ва эртаки экинлар экилган. Шунингдек, аҳолига ижара асосида ажратилган 11,4 минг гектар ер майдонларидан 95,6 гектарида узумчилик, 159,2 гектарида боғдорчилик ташкил этилди.

Қизилтепа ва Навбаҳор туманида 269 нафар фуқарога ижарага берилган 100 гектар ер майдонида анорчилик йўналишида саноатлашган плантациялар, 5 та туманда эса 18 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилмоқда.
Тадбирда микролойиҳалар ташкил этиш, меҳнат мигрантлари билан ишлаш, тижорат банклари томонидан аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ҳамда 2025 йилдаги режалар ва устувор вазифалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Таъкидлаш ўринлики, жорий йил якунига қадар вилоятда ишсизлик даражаси 2,5 фоизга ҳамда камбағаллик даражаси 3,4 фоизгача туширилади. Ҳозирда Навоий, Зарафшон ва Ғозғон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ туманини тўлиқ ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири