Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳридаги “Ёшлар маркази” спорт саройида ўтказилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” шахмат мусобақасининг Қашқадарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақанинг мазкур босқичида шаҳар ва туманларда ғолибликни қўлга киритган 64 нафар интеллектуал салоҳият эгалари дона сурди. Ҳар бир юриш, ҳар бир қарор шахматнинг буюк ақл ва матонат майдони эканлигини яна бир бор кўрсатди.
Беллашувлар Халқаро шахмат федерациясининг амалдаги қоидалари асосида рапид йўналишида аёллар ва эркаклар ўртасида ўтказилди. Ҳар бир мусобақа 7 турда швейцарча тизимда бўлиб ўтди. Иштирокчиларга ўйин охирига қадар 10 дақиқа вақт берилди. Биринчи юришдан бошлаб ҳар юришга 2 сониядан вақт қўшиб борилди.
Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасида Яккабоғ тумани 39-сонли мактаб ўқитувчиси Нормўмин Эшмуродов – биринчи ўринга муносиб кўрилган бўлса, аёллар баҳсида Косон тумани 71-сонли мактаб ўқитувчиси Дилором Холмўминовага тенг келадигани топилмади ва улар республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-22962]
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари