Сирдарё вилояти Касаба уюшмалари Кенгаши 2021 йилдан бугунги кунга қадар келиб тушган 660 та мурожаатни кўриб чиқди.
Ушбу мурожаатлар асосан ишга тиклаш, иш ҳақи ва мукофот тўловлари, меҳнат шартномаси бузилиши, меҳнат муҳофазаси, моддий ёрдам, сиҳатгоҳ йўлланмалари ва жамоа шартномаларига риоя қилиш масалаларини қамраб олди.
– Барча мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, тегишли жавоблар берилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган корхоналарга 75 дан ортиқ тақдимнома юборилди. Шунингдек, Кенгаш ходимлари ишчилар номидан судга даъво аризалари киритиб, уларнинг ҳуқуқларини амалий тарзда тиклади. Натижада 495 нафар ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинди, улар фойдасига 3 миллиард 189 миллион сўм иш ҳақи ва мажбурий ишга чиқмаган даврлари учун тўловлар ундирилди.

Мавсумий ишларда ҳам ходимлар ҳуқуқлари ҳимояси алоҳида устувор йўналиш ҳисобланади. Хусусан, пахта терими мавсумида ташкил этилган “қайта алоқа” механизми орқали теримчиларнинг мурожаатлари тезкор ўрганилиб, барча ҳолатларда муаммолар ижобий ҳал этилди. Бу тизим орқали охирги йилларда 56 нафар фуқаро мурожаат йўллаган ва уларга 400 миллион сўмдан ортиқ ҳақ тўлаб берилди.
Баъзи мурожаатлар юзлаб инсонлар тақдирига таъсир кўрсатади. Масалан, Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактабида 109 нафар ходимнинг таътил пуллари ўз вақтида тўланмаганлиги бўйича келиб тушган мурожаат юзасидан Кенгашнинг аралашуви ва иш берувчи билан музокаралар натижасида шу куннинг ўзида жами 923 миллион 165 минг сўм тўлаб берилди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти сув спорти мактаби йўриқчиси Ҳаким Шарипов ишга тикланиш бўйича мурожаат қилганида, Кенгаш ходимлари у судга мурожаат қилди. Суд ҳал қилув қарори билан Шарипов ишига тикланди ва унга 34 миллион сўм тўлов ундирилди.
Ҳатто 31 нафар ходимнинг меҳнат шартномаси қисқариш эҳтимоли пайдо бўлган “Гулистон Нефть Базаси” МЧЖда ҳам Кенгаш масалани назоратга олди. Иш берувчи билан музокаралар натижасида барча ходимлар ўз иш жойларини сақлаб қолди.
– Ҳар бир мурожаат — халқ ишончи. Шу ишончни оқлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини амалда ҳимоя қилиш бизнинг асосий бурчимиз, – дейди Рустамбек Турсунмуродов. – Мурожаат ортида инсон тақдири туради, шунинг учун биз ҳар бир масалага шахсан ёндашамиз. Энг муҳими, мурожаат фақат қоғозда эмас, натижада ҳал бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Кенгаш фаолиятида “ҳаракатнинг ўзи эмас, натижа муҳим” тамойили устувор.

Мурожаатларнинг ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилиши нафақат меҳнат қонунчилиги ижросини таъминлайди, балки фуқароларнинг адолат ва қонун устуворлигига бўлган ишончларини мустаҳкамлайди.
Ғулом Примов, ЎзА