Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурори Икром Наримов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида йўл-транспорт соҳасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, мазкур йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб Ишчи гуруҳ Асака туманида “Ташаббусли бюджет” дастурининг жорий йил 1-мавсуми доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тумандаги “Фидокор”, “Бозорбоши” ва “Гумбаз” маҳалла фуқаролари йиғинлари аҳолиси иштирокида очиқ мулоқот ўтказди. Фуқароларнинг мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалари эшитилди. Ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ва реконструкция қилишга оид лойиҳа-смета ҳужжатлари билан танишилди.

Шунингдек, Хонобод шаҳридаги юртимизни Қирғизистон Республикаси билан боғлаб турувчи М 41 “Бишкек-Душанбе-Термиз” автомобиль йўлининг 585,2 километрида “Шаҳрихонсой” сойи устидан ўтувчи “Кесканёр” автомобиль кўпригида олиб борилаётган реконструкция ишлари кўздан кечирилди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши, белгиланган муддатлар ва сифат талабларига риоя этилиши масалалари таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳ томонидан Андижон тумани ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги Д 132 “Андижон ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 20-29 километр қисмини 4 тасмали автомобиль йўлига ўтказиш бўйича олиб борилаётган қайта қуриш ишлари, мазкур ишларнинг белгиланган лойиҳа-смета асосида бажарилиши ўрганилди.
Шундан сўнг Андижон темир йўл вокзалининг фаолияти билан танишилди. Темир йўл вокзалида йўловчилар учун яратилган қулайликлар, вокзал инфратузилмаси, хавфсизлик чоралари ва хизмат кўрсатиш сифати бўйича таҳлиллар ўтказилди.

Алоҳида тартибда, вокзал ҳудудидаги темир йўл устидан ўтувчи, икки қисмга бўлинган Бобур шоҳкўчасини бирлаштирувчи кўприк қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Ўрганиш давомида объектдаги мавжуд муаммолар муҳокама қилиниб, қурилиш ишларини жадаллаштириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Андижон халқаро аэропортида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва замонавий қулайликлар яратиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳам ўрганилди. Ўрганиш жараёнида кутиш заллари, хавфсизлик тизимлари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва аэропорт инфратузилмасининг умумий ҳолати таҳлил қилинди.
Ўрганиш якунида масъулларга ажратилган маблағларни мақсадли ва ўз вақтида ўзлаштириш, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, барча ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш бўйича топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари