
Навоий вилояти Абдулла Қодирий номидаги ахборот-кутубхона марказида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши Аёллар қаноти томонидан “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг маҳаллалардаги саралаш босқичи ўтказилди.

Унда Навоий шаҳридаги “Турон” ва “Мустақиллик” маҳаллаларида фаолият олиб бораётган тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолашда лойиҳа Низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб бўйича ўқитган, бандлигини таъминлаган ва ўз ўрнини топиб кетишида кўмаклашганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғояларига алоҳида эътибор қаратди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга Мустақиллик маҳалласида фаолият олиб борадиган “Сузани Зарина” бренди асосчиси, 50 дан ортиқ хотин-қизларни доимий, 400 дан ортиқ хотин-қизларни эса мавсумий иш билан таъминлаган тадбиркор Зарина Ҳамидова муносиб кўрилди ва танловнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндор хотин-қизларга партиянинг ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири