Ўзбекистон Республикаси Президенти “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар меҳнат муносабатлари ва касбга ўқитиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналиш ва мақсадлари этиб белгиланди:
а) ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли тизимини яратиш;
б) касбга ўқитиш билан бир қаторда малака ошириш тизимини, шу жумладан, хусусий сектор иштирокида жорий қилиш;
в) иш берувчиларнинг эҳтиёжига мувофиқ уларни малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини жорий этиш;
г) инсон ресурсларини бошқариш ва меҳнат муҳофазаси соҳасини ривожлантириш.
Фармон билан 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:
а) бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
б) бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:
а) хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради;
б) бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради;
в) бандлик органлари захирадаги иш ўринларига йўлланмаларни ташкилотларнинг рўйхатдаги навбати бўйича беради;
е) йўлланмаларни беришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш манзилига яқинлиги ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган ходимларнинг амалдаги сони инобатга олинади;
г) ходимлари сони 50 кишигача бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам микрофирмалар тоифасига киритилган иш берувчилар учун Меҳнат кодексининг 29-бобида белгиланган ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари татбиқ этилади;
д) ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади;
ж) ишсизлик нафақасини олувчи шахс бандлик органлари томонидан юборилган ёки эълон қилинган бўш иш ўринларига суҳбатга бормаган ёки таклиф этилган мақбул ишдан бош тортган тақдирда, нафақа тўлови кейинги ойнинг биринчи санасидан тўхтатилади.
2026 йил 1 январга қадар дастлаб Тошкент шаҳрида ҳамда келгусида республиканинг барча ҳудудларида иш берувчиларга амалий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни топиб беришда бандлик органлари томонидан кўмаклашиш тизими жорий этилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ходимлари сони 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга ЯММТда биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштиришга рухсат берилади.
Ташкилот тугатилганлиги ёки фаолият юритмаётганлиги сабабли иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имкони бўлмаганда, "Ягона миллий меҳнат тизими" дирекциясига фуқаронинг мурожаатига асосан меҳнат муносабатлари ҳақиқатда тугаганлиги тўғрисидаги қайдларни ЯММТга киритиш ваколати берилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади. Шунингдек, "Хавфни таҳлил этиш" тизимининг таҳлил натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга татбиқ этилмайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб ЯММТ орқали қайд этилган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва қонунбузилиши ҳолатлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.
ЎзА