Ирқий камситиш бу инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматига таҳдид солувчи энг оғриқли ва салбий ижтимоий ҳодисалардан биридир. У одамларнинг ирқи, терисининг ранги, этник ёки миллий мансублигига кўра ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайди. Жаҳон ҳамжамияти бу иллатни тубдан йўқотиш заруратини англаб етиб, турли ҳуқуқий чоралар кўришга ҳаракат қилиб келмоқда. Ушбу йўналишдаги энг муҳим халқаро ҳужжатлардан бири- “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги халқаро конвенция ҳисобланади. Конвенция 1965 йил 21 декабрда қабул қилинган ва 1969 йил 4 январдан кучга кирган.
Иккинчи жаҳон уруши ва унинг оқибатларидан кейин, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, колониализм ва мустабидликка қарши кураш кучайган даврда ирқий камситишни бартараф этиш масаласи халқаро миқёсда долзарб бўлиб қолди. Шу тариқа 1965 йилда мазкур конвенция қабул қилинди. Конвенция ирқий камситишнинг ҳар қандай кўринишини бартараф этиш борасидаги халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни белгилаб берди.
Конвенциянинг муқаддимасида давлатлар шундай таъкидлайди:
“Бир ирқнинг бошқалардан устунлиги ғояси илмий жиҳатдан асоссиз, ахлоқий жиҳатдан қораланадиган, ижтимоий жиҳатдан адолатсиз ва хавфлидир. Ҳеч қандай шароитда ирқий камситишни оқлаб бўлмайди.”
Конвенциянинг 1-моддасида “Ирқий камситиш тушунчаси - бу ирқ, тери ранги, келиб чиқиши ёки этник, миллий мансублигига кўра одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларидан тенг фойдаланишини чекловчи ёки устунлик берувчи ҳар қандай фарқ, чеклаш ёки афзалликдир”, деб белгиланган.
Конвенциянинг аъзо давлатлари ирқий камситишнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди ва уни бартараф этиш учун тезкор чоралар кўради, давлат органлари ёки муассасалари орқали камситишга йўл қўймайди, шахслар ёки ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган камситишни ҳам қўллаб-қувватламайди.
Шунингдек, давлатлар камситишни рағбатлантирувчи қонун ёки сиёсатларни қайта кўриб чиқади, ирқий ажратишни кучайтирадиган эмас, балки интеграцияни рағбатлантирувчи жамоат ташкилотларини қўллаб-қувватлайди, ирқий жиҳатдан кам имкониятга эга гуруҳлар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида махсус чоралар кўради.
Конвенцияда белгиланганидек, давлатлар ирқий устунлик ёки нафрат ғояларини тарғиб қилувчи ташкилотлар ва шахслар фаолиятини тақиқлайди ҳамда уларга нисбатан жиноий чоралар кўради. Ҳар бир шахс ирқи ёки этник келиб чиқишига қарамасдан қонун олдида тенгдир ва адолатли суд ҳимояси, хавфсизлик, сайлов ҳуқуқи, таълим, меҳнат ва бошқа асосий ҳуқуқлардан тенг фойдаланиш имконига эга бўлиши лозим.
Давлатлар ҳар бир шахсга ирқий камситиш ҳолатларига қарши самарали ҳуқуқий ҳимоя ва компенсация ҳуқуқини кафолатлайди.
Конвенциянинг асосий қоида ва принциплари аъзо давлатларнинг қонунчилигига сингдирилган. Шундай бўлса-да, унинг нормаларини амалга оширишда маълум муаммолар ҳам бор. Хусусан, жиамиятда сиёсий ирода ва хабардорлик етишмайди. Кўплаб давлатларда ирқий камситишнинг яширин шакллари тўғрисида жамият ва амалдорлар етарли билимга эга эмас.
Айрим давлатларда антидискриминация қонунлари мавжуд бўлса-да, уларнинг ижроси самарасиз ёки чекланган. Ирқий фарқлар ҳуқуқий эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда - таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш каби йўналишларда намоён бўлади.
Конвенция ва ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни мониторинг қилиш ва ҳисобот тизими заиф. Конвенцияга мувофиқ давлатлар БМТ ҳузуридаги Ирқий камситишни бартараф этиш қўмитасига (CERD) даврий ҳисобот тақдим этиши керак. Аммо, айрим давлатларда қўмитанинг тавсиялари бажарилмайди
Миграция, этник низолар ва миллий озчиликларнинг муҳофазаси каби масалалар халқаро ҳамкорликни талаб қилади. Айрим давлатлар конвенциянинг махсус чораларга оид моддаларига резервациялар киритган, бу эса унинг таъсирини сусайтиради.
Юқоридаги муаммолар ечимини топиш учун қонунчиликни мустаҳкамлаш лозим. Яъни, ирқий камситишга қарши жавобгарлик ва ҳуқуқий ҳимояни белгилайдиган самарали қонунлар қабул қилиш.
Барча таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва ирқлараро тенглик мавзуларини ўқитиш лозим. Ирқий камситиш ҳолатлари бўйича статистик маълумотлар жамиятга тақдим этиб борилиши керак. Фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллар мониторинг, ҳисобот тайёрлаш ва жамоатчиликни хабардор қилишда фаол иштирок этиши лозим.
Этник ёки ирқий жиҳатдан кам имкониятга эга гуруҳларга вақтинчалик имтиёзлар (масалан, таълим ёрдами, иш ўринлари квотаси) жорий этиш керак.
Соҳада халқаро муносабатларни янада кенгайтириш лозим. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма дастурлар ташкил этиш, БМТ ва бошқа институтлар билан ҳамкорликни кучайтириш керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча турдаги ирқий камситишларни тугатиш - нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий ва ижтимоий бурчдир. Конвенциянинг амалга киритилиши - инсоният тараққиётидаги муҳим қадам бўлди. Аммо, унинг самарадорлиги давлатлар иродаси, фуқаролик жамиятининг фаоллиги ва таълим-тарбия орқали онгни ўзгартиришга боғлиқ.
Конвенция муқаддимасида таъкидланганидек: “Ирқий тўсиқларнинг мавжудлиги ҳар қандай инсон жамияти идеалларига зиддир”. Шунга кўра, барча халқлар учун тенглик, ҳурмат ва қадр-қимматни таъминлаш - адолатли жамият қуришнинг асосий йўлидир.
Дилшод Исраилов,
Одил судлов академияси кафедра
мудири