Мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт ва рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қадам қўйилди. Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу келишув иқтисодиётнинг турли соҳаларида тажриба алмашиш, қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, давлатнинг самарали иқтисодий тараққиётига кўмаклашиш, рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда монополияга қарши қонунчилик ва амалиётни такомиллаштиришни мақсад қилади. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида иқтисодий кўрсаткичларни мунтазам таҳлил қилиш, тадқиқотлар сифати ва долзарблигини ошириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш назарда тутилган.

Учрашув якунида Тадқиқотлар маркази директори Олимжон Жумаев ва Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Халилулло Ҳамидов мазкур англашув меморандумини имзолаш орқали ўзаро ҳамкорликка расмий старт беришди.

Ушбу меморандум иқтисодий таҳлил ва тадқиқотлар соҳасида янги имкониятлар очиб, мамлакатда рақобат муҳитини кучайтириш ва самарали тараққиётга хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова,
ЎзА