
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилором Мирзажаҳонованинг хабар беришича, 2025 йилда “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида вазирлик функцияларини босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича 10 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Улардан 5 таси янги ахборот тизимларини жорий этишга қаратилган.
Йирик лойиҳалар орасида давлат-хусусий шериклик соҳасини рақамлаштириш, бюджет харажатларини бошқариш учун “Passport budget” тизимини яратиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ички йўллар ҳолатини назорат қилиш платформаларини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар бор. Шунингдек, йирик давлат корхоналарининг давлат харидлари бўйича режаларини, харид жараёни ва шартномалар ижросини ўз ичига олган махсус модул яратилиши режалаштирилган. Вазирликнинг бир қатор ахборот тизимлари ҳам такомиллаштирилади.
Шу билан бирга, давлат субсидиялари бўйича 2 та субсидиянинг аризалар бериш ва кўриб чиқиш жараёнлари электронлаштирилиб, 20 дан ортиқ субсидияларнинг эса тўлов жараёнлари рақамлаштирилади. Яна қўшимча 1 та давлат хизмати, яъни “Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш” хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Ахборот тизимларини яратиш ва такомиллаштириш натижасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши кутилмоқда. Бюджет ташкилотлари, уларнинг фаолияти, филиаллари ва моддий-техник базаси ҳақида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ташаббус қилиш, ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва келишиш жараёнлари рақамлаштирилади. Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш ҳақидаги аризалар давлат харидлари махсус порталида эълон қилинади.
–Республикадаги ички йўлларни таъмирлаш ва молиялаштириш жараёнлари рақамлаштирилади. Қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда давлат субсидияларини ажратиш жараёнлари шаффофлаштирилади ва инсон омили камайтирилади. Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг тўлов муддати 4-6 соатдан 20-30 дақиқагача қисқартирилади.
Бундан ташқари, вазирликда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ходимларнинг сунъий интеллект бўйича билим ва кўникмаларини ошириш учун ўқув дастурлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокида вазирлик фаолиятини рақамли трансформация қилиш ишлари амалга оширилмоқда, – деди Д.Мирзажаҳонова.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА