Иқтисодий барқарорликни таъминлашда молия бозорининг роли ошмоқда
Мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва молия бозорини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда илмий таҳлиллар, амалий таклифлар ва халқаро тажрибанинг уйғунлиги алоҳида аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, халқаро илмий-амалий анжуманлар соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва самарали ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот марказида ўтказилган “Молия бозорини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, замонавий тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги V халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз борди.
Тадбирда миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш доирасида белгиланган мақсадларга эришиш, аввало, миллий молия бозорини ривожлантириш билан боғлиқ экани таъкидланди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлашга қаратилган ушбу тадбирда юртимизнинг қатор илмий изланиш қилаётган кадрлари ва нуфузли таълим муассасалари профессорлари мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш йўлидаги назарий билим, кўникма ва малакаларини конференция қатнашчилари билан ўртоқлашди.

Олимларнинг таъкидлашича, бугунги кунда жаҳон молия бозори архитектурасида кузатилаётган глобал беқарорликларнинг миллий молия бозорига таъсирини камайтириш долзарб вазифага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш, исломий молия индустрияси экотизими компонентларининг аҳамиятини кучайтириш, молия бозорида акциядорлар билан муносабатларни чуқур таҳлил қилиш, давлат бюджети бошқарувида инновацион ечимлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, сунъий интеллект, рақамли молия ва краудфандинг билан боғлиқ йўналишларда ечимлар ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан.
Шунга кўра, тадбирда мазкур муаммоларнинг самарали ҳал этилиши молия бозорининг рақобатбардошлиги ва хавфсизлиги даражасини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.
––Бугунги кунгача анжуман ишига қарийб 400 та материал тақдим этилган. Уларни умумлаштирган ҳолда уч қисмдан иборат бўлган тўплам чоп этилди. Бу эса келажакда тадқиқотчилар учун муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, мен ҳам “Ҳудуд даромад салоҳиятини ривожлантириш стратегиясининг зарурлиги ва устувор йўналишлари” мавзусида маърузам билан қатнашдим. Биламизки, ҳудудларни ривожлантириш ва уларнинг даромад салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур анжуман айнан шу масалалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Ҳ.Қобулов.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан молия бозоридаги муаммоларни ечишга қаратилган назарий хулоса ва амалий таклифлар билдирилиб, уларни амалиётда татбиқ этиш масалалари юзасидан ўзаро келишувларга эришилди ҳамда ташкилий ишларга оид “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА