2025-2026 ўқув йили учун Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали талабаси, навоийлик Билолиддин Омонуллаев Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби бўлди. Бу муҳим ютуқ унинг юқори академик тайёргарлиги, илмий фаоллиги ва шахсий мақсадга интилувчанлиги учун берилган юқори баҳодир.
2025-2026 ўқув йилида танлов натижаларига кўра мамлакат олий таълим муассасаларининг 101 нафар талабасига ушбу стипендия тайинланди. Билолиддин Омонуллаевнинг стипендия соҳиблари қаторига киритилиши унинг республика даражасидаги ютуқлари ва жиддий илмий фаолиятининг эътирофи бўлди.
Бугунги кунда Билолиддин илмий-тадқиқот ишлари билан фаол шуғулланмоқда ҳамда бир қатор республика ва халқаро танловлар лауреати ҳисобланади.
– Ҳозирда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларига бағишланган бир қатор лойиҳалар устида иш олиб бормоқдаман, – дейди Б.Омонуллаев. – Тадқиқотларим натижаларини илмий конференциялар ва форумларда тақдим этиб келмоқдаман. Бу фаолият менга касбий компетенцияларимни кенгайтириш, ҳамкасбларим билан тажриба алмашиш ва иқтисодий фан ривожига амалий ҳисса қўшиш имконини беряпти. Ушбу давлат стипендиясини қўлга киритишим академик фаолиятимда муҳим босқич бўлиб, янада катта ютуқларга эришиш учун қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилади.
Билолиддин Омонуллаевнинг бу ютуғи меҳнатсеварлик, масъулият ва билимга интилишнинг ёрқин намунасидир. Бу эса Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали талабаларининг юқори билим ва тайёргарлик салоҳиятини намоён этиш билан бирга, давлат томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган малакали мутахассислар авлодини тарбиялашда муҳим омил бўлаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири