Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими воҳадаги олий таълим муассасалари кўмагида Олтинсой туманидаги оғир тоифали мактабларнинг таълим-тарбия сифатини оширишни белгилаган. Шунга мувофиқ жорий ўқув йили бошида вилоятдаги барча олий таълим даргоҳларига оғир тоифадаги мактаблар бириктирилиб, педагогик ёрдам кўрсатиш, замонавий таълим методларини жорий этиш, ўқувчиларнинг фанга қизиқишини, педагог кадрлар малакасини ошириш, ёшларни касбий йўналишларни танлашга тайёрлаб, турли касб-ҳунар тўгаракларига жалб этиш вазифалари топширилди.
Мазкур лойиҳа асосида Термиз давлат университетига тумандаги 15 та умумтаълим мактаби бириктирилди. Айни пайтда таълим муассасамизнинг профессор-ўқитувчилари мактабларда бўлиб, ҳолатни чуқур ўрганди. Педагоглар ва ўқувчилар билан қизиқарли мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди. Ўқув йили давомида турли тадбирлар ташкил этиш режалаштириб олиниб, тегишли методик кўмак бериш йўлга қўйилди. Бу ишларнинг барчаси мактабларда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига қамровини кенгайтиришга қаратилди.

Мактабларда таълим сифатини тубдан яхшилашда иқтидорли талабаларимизнинг билим ва маҳоратидан ҳам фойдаланишга келишилди. Бу тажриба бўлғуси ёш педагоглар билан ўқувчиларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаб, уларнинг таълим олишга қизиқишини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда. Шу мақсадда университетимизнинг бир гуруҳ иқтидорли талабаларидан иборат “Маънавият карвони” Олтинсой туманидаги 64 мактабда бўлди. Улар ўқувчиларда ижодий фикрлашни ривожлантириб, билим кўникмаларини ошириш учун математика, инглиз тили, рус тили, кимё, IT соҳаларидан сабоқ бериб, қизиқарли дарс машғулотларини ўтказди.

Таҳлилларга кўра, иқтидорли талабаларнинг ўқувчиларга эркин сабоқ бериб, қизиқарли машғулотлар ўтиши мактаб ўғил-қизларининг мазкур фанларга қизиқиш ва интилишини оширмоқда. Бунда иқтидорли талабаларимиз мамлакатимиз таълим тизимида ўқувчиларга яратилаётган шароитлар, имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот беряпти. Фан олимпиадалари, нуфузли халқаро танловлар қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор тўғрисида фикр алмашмоқда.

Бу тажриба асосида фақат фанлардан дарс берилиб қолмай, ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра, самимий суҳбатлар ўтказилмоқда. Ўқувчиларнинг илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги иштирокини янада ривожлантириш, улар учун кенг имкониятлар яратиш, шунингдек, университетимизнинг ёшлар билан ҳамкорликдаги фаолиятини кенгайтиришга эътибор қаратилаётир. Чунки, ҳозирги даврда бундай тадбирлар нафақат талабаларнинг билим ва кўникмасини янада ошириш, янгиликларни ўз фаолиятида жорий этиш, балки уларнинг жамиятга фойдали, ижтимоий фаоллигини юксалтиришга ҳам ёрдам бериши эътиборга сазовордир. Бу ишлар мувофиқлаштирилиб, ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириш даражаси таҳлил қилинмоқда.

“Маънавият карвони” режасига кўра, тадбир мактаб ўқувчиларининг турли спорт беллашувлари ва иқтидорли талабаларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Хуллас, профессор-ўқитувчиларимиз кўмаги билан бўлғуси ёш педагоглар ташкил этган ушбу усул иқтидорли талабалар ва ўқувчиларнинг биргаликда ишлаб, мўлжалдаги мақсадга эришишида яхши самара бериши кузатилди. Ўқувчиларнинг эмин-эркин ўзаро фикр алмашиши учун ҳам қулай ва очиқ минбар вазифасини бажаргани янада аҳамиятли бўлди.
Обид Шофиев,
Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича
биринчи проректори.
ЎзА