Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида “Ижод ёшлари” танловининг туман, шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўқувчиларнинг назм, наср, бадиий публицистика, адабиётшунослик йўналишлари бўйича истеъдод ва қизишларини қўллаб-қувватлаш, ижодкор ўқувчиларни эрта аниқлаш, ўзбек ва жаҳон адабиётига бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ўтказилаётган танловнинг туман, шаҳар босқичларида умумтаълим мактаблари 4-, 5- ва 6- синфларининг иқтидорли ўқувчилари иштирок этди.
– Танловнинг туман, шаҳар босқичларида қатнашиш учун вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 4-, 5- ва 6- синфларида таҳсил олаётган 108 нафар иқтидорли ўқувчи онлайн ариза топширган, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби директори Шохистахон Нурматова. – Улар белгиланган тартибда тест синовларидан ўтмоқда.
Иштирокчилар ўзлари ўқиган фанлар бўйича ўрганиш, англаш, мулоҳаза қилиш сингари қатор йўналишлар асосида тузилган саволлар доирасида тест синовларидан ўтмоқда, билимларини синовдан ўтказмоқда.
Тест синовлари адолатли, шаффоф, онлайн кузатув асосида ўтказилмоқда. Тест натижаларига кўра, ҳар бир синф бўйича 1- 2- ва 3- ўринни эгаллаган ўқувчилар танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
[gallery-22910]
Танловнинг матн тузиш ва суҳбат асосида ўтказиладиган вилоят босқичида ғолиб бўлган 6-синф ўқувчиси Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабига кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинади.
Танловнинг туман, шаҳар босқичлари ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари