Шу кунларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбарияти Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Хизмат сафари давомида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси в. б. Икром Сайфуллаев Хитойнинг Шэньси провинциясида фаолият юритувчи Ankan silkworm seed farm Co., Ltd раҳбарияти билан учрашди.

Маълумки, пиллачилик соҳасида Хитой ўзига хос тажрибага эга давлат ҳисобланади. Улар ҳам бизнинг тажрибамизни ўрганишга доимо қизиқиш билдириб келган.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, 2026 йил мавсуми учун турли хил касалликларга чидамли, юртимиз иқлимига мос юқори сифатли ипак қурти уруғларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. Ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудудида ипак қурти уруғчилиги бўйича янги қўшма корхона ташкил этиш юзасидан муҳокамалар олиб борилди.

Шунингдек, пиллачилик кластерлари ва уруғчилик корхоналари раҳбарлари учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилиш бўйича ҳам келишиб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА