Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг қатор етакчи нашрлари шу кунларда Иордания ва Ўзбекистон ҳамкорлиги мавзусига кенг ўрин ажратмоқда. Мақолаларда душанба куни пойтахт Аммонда бўлиб ўтган қўшма вазирлар учрашуви тафсилоти батафсил ёритилган.
Қайд этилишича, маҳаллий Рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорлик вазирлиги раҳбарияти Иорданияга расмий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация билан учрашган.
Иқтисодиёт, инвестиция, саноат ва савдо, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон ва геология соҳалари масъуллари, қатор рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорликка ихтисослашган бирлашмалар вакиллари, хусусий саноат ва инвестиция компаниялари раҳбарлари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда мезбон давлатнинг рақамли трансформация, давлат хизматини ривожлантириш, тадбиркорлик ва ижодий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, рақамли инклюзивликни ошириш бўйича тажрибаси кўриб чиқилди. Рақамли инфратузилмани ривожлантириш, ёшлар имкониятини кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш, кибер хавфсизликни кучайтириш, рақамли давлат хизмати кўламини кенгайтириш, ўсиш ва инвестицияни рағбатлантирадиган рақамли муҳит яратишга хизмат қиладиган лойиҳа ва ташаббуслар тақдимот қилинди.
Вазир Сами Самират ушбу ташриф Иордания ва Ўзбекистон ўртасида рақамли иқтисодиёт ва инновация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун самарали майдон эканини таъкидлади. АКТ соҳасидаги имконият ҳамда шериклик салоҳияти масаласини муҳокама қилиш мақсадида давлат ва хусусий сектор вакиллари иштирокида қўшма форум ўтказиш таклифи маъқулланди.
Ўзбекистон вазири ушбу араб давлатининг рақамли инфратузилма ва давлат хизмати соҳасидаги илғор ишланмаларини юқори баҳолаб, юртимизда ушбу тажрибадан рақамли хизматни ривожлантириш, электрон тижорат ва рақамли таълим каби соҳаларда инновацион ечимларни жорий этишда фойдаланишдан республикамиз ҳам манфаатдорлигини билдирди.

Учрашувда ўзаро чуқур тарихий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилиб, турли соҳалар, айниқса ноанъанавий тармоқларда ҳамкорлик уфқини кенгайтириш муҳимлиги, бу савдо алоқаларини диверсификация қилиш, хусусий секторлар муносабатини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Турли соҳалардаги ҳамкорлик йўналишларини ўрганиш, шунингдек кейинги чора-тадбирларни мувофиқлаштирадиган қўшма қўмита ташкил этишга келишилди.
Иорданиянинг сармоявий имконияти, Қиролликнинг минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш учун жозибадорлиги, хусусан минтақадаги бошқа мамлакатлар бозорига Иордания томонидан имзоланган икки ва кўп томонлама эркин савдо келишувлари орқали кириш учун дарвоза сифатидаги роли таъкидланди.
Фармацевтика, тикувчилик ва тўқимачилик саноатидаги истиқбол, АҚШ бозорига экспорт имконияти мавжудлиги қайд этилди. Фосфат, калий ва бошқа ўғитлар ишлаб чиқариш каби қазиб олинувчи тармоқлар, шунингдек туризм, спорт, рақамли хизмат ва электрон ўйинлар саноати интеграцияси салоҳияти эътироф этилди. Икки мамлакатнинг саноат базаси ва табиий ресурсларидан фойдаланган ҳолда, интеграциялашган лойиҳалар, хусусан кийим-кечак, заргарлик ва ўғитлар соҳаларида шерикликни жадал ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Лазиз Қудратов, ўз навбатида, Ўзбекистон Иордания билан иқтисодий ҳамкорлик базасини кенгайтиришдан манфаатдорлиги, Қироллик Ўзбекистон учун Яқин Шарқ ва Африка бозорига кириш эшиги, Ўзбекистон эса Евросиё Иттифоқи бозорига чиқиш марказига айланиши мумкинлигини таъкидлади.

У фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Европа ва Америка бозори учун кийим-кечак етказиш, автомобилсозлик ва маиший техника, шунингдек ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун мавжуд имкониятларни қайд этиб, икки давлат ўртасида виза олиш тартиб-таомилини соддалаштириш, туризм алмашинувини кенгайтириш муҳимлигига урғу берди.
Иордания инвестиция вазири доктор Ториқ Абу Ғазола ҳам мамлакатимиз делегацияси билан мулоқот ўтказди. Қирол Абдуллоҳ II нинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи олдидан олиб борилаётган тайёргарлик ишлари доирасида уюштирилган мазкур учрашув чоғида муҳим тармоқлар бўйича ҳамкорлик салоҳияти юқорилиги эътироф этилди.
2024 йил давлатларимиз ўртасида товар айирбошлаш қиймати 9 миллион долларга етган. Иордания экспортда фармацевтика, машинасозлик ва кимё маҳсулотларини қамраб олган, Ўзбекистондан эса мис, мева, ёнғоқ ва какао импорт қилади. Таъкидланишича, ҳар икки томон келгуси йилларда алмашинув ҳажмини сезиларли даражада оширишни мақсад қилган.
Мезбон мулозим айни пайт сармояни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича икки томонлама шартнома музокаралари якуний босқичдалигини эслатаркан, Қиролнинг юртимизга ташрифи чоғида ушбу ҳужжат имзоланишига умид билдирди. Шу тариқа инвесторлар ҳимояси кучайтирилади, ўзаро ишонч мустаҳкамланади, иқтисодий ўсиш қўллаб-қувватланади, товар айирбошлаш ҳажми ошади.
Учрашув якунида мамлакатимиз вазири Иордания Ҳошимийлар Қироллиги билан ҳамкорлик юксак қадрланишини тасдиқлаб, ташрифдан кўзланган асосий мақсад ўзаро савдо ва сармоя имкониятини ўрганиш ва кенгайтириш, бунда истиқболли тармоқларга алоҳида эътибор қаратиш эканини билдирди.
Мақолада Ўзбекистон делегацияси Қирол Ҳусайн бизнес боғини ҳам кўздан кечиргани, мажмуада ушбу давлат Саноат палатаси раиси ва аъзолари билан учрашганига ҳам ўрин ажратилган. Шунингдек, ташрифнинг иккинчи куни “Arab Potash Company” ва бошқа йирик компаниялар билан ҳамкорлик имконияти ўрганилгани таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА