Мамлакатимиздаги барқарорлик ва қулай инвестиция муҳити туфайли ташқи иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. Жумладан, Хоразм вилоятида сўнгги 5 йилда хорижий инвестицияларни киритиш ҳажми 10 баробарга, экспорт ҳажми 15 баробарга ўсиб, 200 тадан ортиқ хорижий ва қўшма корхоналар ташкил қилинди.
Кейинги уч йилда вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 2 мингдан ортиқ лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 40 мингта янги иш ўрни яратилди. Айни дамда янгидан 2,4 миллиард долларлик 111 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, ушбу лойиҳалар доирасида яна 10 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Буюк ипак йўлида жойлашган ушбу вилоят қадимдан дунё мамлакатлари билан савдо, иқтисодий алоқалар қилиб келмоқда. Мутахасисларнинг фикрига кўра, вилоятда айни дамда саноат, савдо, транспорт, логистика, туризм, АКТ ҳамда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
[gallery-25741]
– Кейинги уч йилда вилоятимизда 1,7 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, 1,1 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Анвар Давлетов. – Жорий йил якуни билан эса 1,5 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 510 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилади. Режлаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 1 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади, 30 миллион долларлик экспорт, 80 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имкониятлари ҳамда 1300 та янги иш ўрни яратилади.
Бугунги кунда вилоятнинг халқаро аэропорти орқали 20 дан ортиқ давлатларга тўғридан-тўғри ҳамда чартер рейслар қатнови йўлга қўйилган. Аэропортни янада кенгайтириш мақсадида Жанубий Кореянинг “Инчон” компанияси томонидан 2026 йилда қурилиш ишлари бошланади.
Шунингдек, воҳада тўртта темир йўл станцияси мавжуд бўлиб, ички қатновлардан ташқари Афғонистон, Россия Федерацияси, Туркманистон, Эрон ва Қозоғистон давлатларига қатновлар амалга оширилади. Бундан ташқари, халқаро аҳaмиятдаги А-380 магистрал йўли орқали Марказий Осий давлатлари ҳамда Афғонистон, Россия ва Европа давлатларига чиқиш имконияти мавжуд.
Саноат вилоят иқтисодиётида асосий йўналишлардан биридир. Машинасозлик саноати 43 фоизни, озиқ-овқат саноати 26 фоизни ҳамда тўқимачилик саноати 21 фоизни ташкил қилади.
– Вилоятимизда “UzAuto Motors” акционерлик жамиятида “Chevrolet” бренди остида йилига 150 минг дона автомобиль, Хитойнинг “UzXCMG” компаниясида 20 дан ортиқ оғир техникалар ва
100 дан ортиқ бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Усмонбой Жумгалдиев. – Шунингдек, республикада озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 2 та – “Хоразм Шакар” ҳамда “Coca-Cola” компаниялари фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, вилоятда йилига 310 минг тонна пахта етиштирилиб, йирик текстил компаниялари томонидан 100 фоиз қайта ишланади ҳамда тайёр маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.
Вилоятдаги саноат зоналари ҳудуди 650 гектар бўлиб, ушбу зоналарда қурилиш материаллари, озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик йўналишида корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, янги ташкил этилган “Ўзбекистон-Хитой” технопарки ҳудудида 1,1 миллиард долларлик 16 та лойиҳада қурилиш ишлари бошланган.
Вилоятда Россия, Хитой, АҚШ, Франция, Словакия, Туркия, БАА, Япония, Малайзия, Сингапур ва бошқа давлатларнинг 200 дан ортиқ хорижий корхоналари томонидан қурилиш, энергетика, кимё, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари ва туризм йўналишида лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Словакиянинг “АЗС Груп” холдинг компанияси томонидан Тупроққалъа туманида 500 гектар ер майдони ўзлаштирилган бўлиб, компания томонидан 368 миллион доллар инвестиция киритган ҳолда яна 4 минг 500 гектар чўл ерлари ўзлаштирилади ва биоёқилғи, юк вагонлари ва цистерналар, шиша толали қувурлар ҳамда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шу туманда яна Франциянинг “Voltalya” компанияси томонидан 100 миллион долларлик 100 Мвт қувватдаги қуёш фотоэлектростанцияси лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда, – дея гапини давом эттиради Усмонбой Жумгалдиев. –Урганч шаҳрида Россиянинг “Fortex” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 90 миллион долларлик 100 минг тонна базальт плиталар ишлаб чиқариш, Сингапурнинг “Welldale Pte Ltd” компанияси томонидан 25 миллион долларлик 292 ўринли меҳмонхона ташкил қилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Хоразм вилоятида 2026-2027 йилларда 10 миллиард долларлик 26 та янги лойиҳа амалга оширилади. Австралиянинг “Allied Green Ammonia Pty Ltd” компанияси томонидан экологик тоза авиация ёқилғиси (SAF) ишлаб чиқариш, Словакия “AZC group” компанияси томонидан биоэтонол ва фармацевтика маҳсулотлари, Кореянинг “Green Hammer” компанияси томонидан чиқиндидан электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳалари ва 3,7 миллиард долларлик 23 та бошқа лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари