Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳи Наманган вилоятида ўрганишлар олиб борди.
Қўмита раиси ўринбосари, парламентда доимий фаолият юритувчи сенатор Одилжон Маматкаримов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари даставвал халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгаши фаолияти билан яқиндан танишди. Маҳаллий Кенгаш котибиятига яратилган шарт-шароитлар, депутатларнинг ваколатлари доирасида олиб бораётган ишлари, аҳоли билан мулоқотлари ҳамда уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Қолаверса, “Халқ уйи” фаолиятини янада такомиллаштириш, депутатларнинг самарали фаолиятини таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиш ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда фаолликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳи бир қатор туманлардаги саноат, ишлаб чиқариш мажмуаларида бўлиб, вилоятнинг иқтисодий, инвестициявий салоҳиятининг ҳолатини кўздан кечирилди.

Жумладан, Косонсой туманидаги “Косонсой фарм” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, соҳавий ихтисослашув даражаси, хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб этиш жараёнлари билан танишилди.
Сенат ишчи гуруҳи ҳамда Тўрақўрғон тумани Кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган “Ифтихор кийим саноати” масъулияти чекланган жамиятига қарашли фабрикада бўлишди. Мазкур жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган экспортбоп текстиль маҳсулотлари аллақачон Европа бозорларини муқим эгаллагани эътиборга молик.

Шунингдек, ташриф доирасида Чуст туманида “Megaton” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилаётган автоклавли газоблок ишлаб чиқариш корхонасидаги қурилиш-монтаж ишлари жараёни ҳамда водийдаги йирик металлургия заводи – “Tai Chang Special Steel” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инфратузилмани яхшилаш, газ, электр, сув тармоқларини белгиланган муддатларда тадбиркорлик субъектларига етказиб берилишини таъминлашни ҳамда йўл қурилишларига масъул мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини доимий комиссиялар ва маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиб бориш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА