Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да мамлакатимизда инвестиция фаолиятини ривожлантириш ҳолати, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ҳудудларда саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов жавоб берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, сармоядорлар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, инвесторлар билан ишлашнинг яхлит тизими жорий қилиниб, ишбилармонлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилди. Чет эллик инвесторлар учун кўчмас мулк сотиб олиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш ва яшаш шартлари кескин соддалаштирилди.

Президент ҳузурида ташкил этилган Хорижий инвесторлар кенгаши эса инвесторлар масалаларини тезкор ҳал этиш, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш ва хусусий секторни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, қонунчилик базасининг мустаҳкамланиши ва инвесторлар учун қулай муҳит яратилиши Ўзбекистоннинг инвесторлар учун жозибадор марказга айланишига хизмат қилмоқда.
Л.Қудратовнинг маълум қилишича, мамлакатдаги очиқлик, кучли инвестиция сиёсати натижасида айни пайтда республикада умумий қиймати 319,3 миллиард долларга тенг бўлган 3 минг 152 та инвестиция лойиҳасидан иборат портфель шакллантирилган.
Уларнинг 2 минг 289 таси амалга ошириш босқичида бўлса, 445 та лойиҳа халқаро молиявий институтлар иштирокида амалга оширилмоқда. Яна 418 та лойиҳа бўйича музокаралар давом этмоқда.
Шунингдек, 2026 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларига йўналтириладиган хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, қурилиш ва коммунал инфратузилма, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тоғ-кон ва металлургия, энергетика ҳамда рақамли технологиялар соҳаларига йирик инвестициялар жалб этилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инвестицияларнинг катта қисми Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келяпти.

Таъкидланганидек, инвестиция муҳитини янада яхшилаш мақсадида лойиҳаларни ғоя босқичидан то маҳсулотни экспортга чиқаришгача бўлган жараёнда комплекс қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, инвесторларга хизмат кўрсатиш бўйича ҳудудий марказлар ташкил этиш ҳамда инвестиция ва экспорт жараёнларини бошқариш учун рақамли платформаларни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ҳукумат соати” давомида депутатлар инвестиция ва ташқи савдо жараёнларини рақамлаштириш, “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимини кенгайтириш, инвесторлар фаолиятидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестицияларни ҳудудлар кесимида мутаносиб тақсимлаш масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда лойиҳалар ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда депутатлар ҳудудлардаги ўрганишлари давомида ушбу соҳада айрим муаммолар кузатилаётганини қайд этиб, уларни ижобий бартараф этиш, иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, миллий брендларни жаҳон бозорларига олиб чиқишни жадаллаштириш ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича бир қатор таклифлар берди.
Соҳага оид масалалар юзасидан саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА