Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров Туркиянинг йирик компанияларидан бири — Anadolu Efes компаниясининг Бира гуруҳи президенти ва бош ижрочи директори Онур Алтюрк билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Anadolu Efes мутасаддилари Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари ҳақида таъкидлаб ўтди. Мамлакатимизда ҳам “Efes” бренди остида маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Таъкидланганидек, мазкур ташаббус озиқ-овқат саноатида қўшимча қиймат занжирини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА