“Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳим.
Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади. Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда 7 фоизни ташкил этади. Афсуски, мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетди. На тегишли идоралар ва на ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътибор берди. Шу сабабли ихтирочи олим ва ижодкорларимиз хорижга чиқиб кетди.
Илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олгани йўқ. Ўтган йили 400 га яқин ихтиро, 110 та фойдали модель, 170 та саноат намунаси, 36 та селекция ютуғи рўйхатга олинган бўлсада, атиги 43 та илмий ишланма тижоратлаштирилган, холос”. (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишида сўзлаган нутқидан).
СОҲА ҲАҚИДА ТУШУНЧА...
“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (2002 йилда тасдиқланган, ЎзР 30.07.2008 й. ЎРҚ-164-сон, 26.12.2011 й. ЎРҚ-312-сон Қонуни билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган) 3-моддасида «Интеллектуал мулк агентлиги саноат мулки объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди»; 5-моддада «Саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқ муаллифга (ҳаммуаллифларга) ёки унинг (уларнинг) ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) тегишли бўлади ва патент билан тасдиқланади... Агентликка патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан ҳисоблаганда ихтиро патенти йигирма йил мобайнида, саноат намунаси патенти ўн йил мобайнида, фойдали модель патенти беш йил мобайнида амал қилади», деб ёзилган.
Ихтиронинг патентга лаёқатлилик шартлари (6-модда) учта бўлиб, агар ихтиро сифатида кўрсатилган объект янги, ихтиролик даражасига эга ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, у ҳуқуқий муҳофаза қилинади. Бундан ҳам муҳими шуки, ихтиро ҳақидаги талабнома тўғрисидаги маълумотлар кўриб чиқиш учун қабул қилинган талабнома топширилган санадан эътиборан ўн саккиз ой ўтганидан кейин расмий ахборотномада эълон қилинади. Демак, ариза берилгандан кейин йигирма ойлардан кейин масала ижобий ҳал этилса, ихтирочига патент 20 йил муддатга берилади. Статистикага кўра, Ўзбекистонда ҳар ўнта аризадан фақат 3 тасига ихтиро патенти топширилмоқда.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ҳам ИМ қонунчилик базасида катта босқични босиб ўтди. Мустақиллик йилларида ИМни муҳофаза қилиш соҳасида 10 та давлатлараро, 12 та ҳукуматлараро ва 21 та идоралараро шартнома ва битимлар тузилиб амал қилмоқда. Булардан ташқари, тўғридан тўғри ишлайдиган 5 та қонун, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган умуммажбурий характердаги 25 та ҳужжат, ҳаммаси бўлиб идора фаолиятини тартибга соладиган 140 дан зиёд норматив ҳужжатлар рўйхатга олинганлигини қайд этиб ўтмоқчимиз.
Ихтиролар, фойдали моделлар, товар белгилари – ИМнинг объектлари сифатида дунёда моддий активлардан кам баҳоланмайди, балки айрим ҳолларда улардан анчагина юқори туради. Умумжаҳон саноат ишлаб чиқаришининг йиллик ўсиш суръатлари 2,5-3 фоиздан ошмайди, ИМга бўлган ҳуқуқлар билан савдо қилиш ҳажми бўлса, йилига 12-14 фоизга ўсмоқда. Ушбу ҳолат янги ғоялар, кашфиётлар ва ихтиролар нафақат уларнинг яратувчиларига, балки бутун жамиятга наф келтиришини исботлайди.
Шу сабабдан, давлат томонидан бериладиган ягона монополь ҳуқуқ, бу – ИМ объекти эгасининг ундан фойдаланиш ва тасарруф этишга бўлган мутлақ ҳуқуқидир. Моҳияти жиҳатидан патент – янгилик сирини тўлиқ очиб берилиши ва белгиланган миқдордаги патент божини тўланиши эвазига давлат томонидан унинг муаллифига ихтирога бўлган ҳуқуқларини муҳофаза қилиш кафолати бериладиган шартномадир. Бунда жамият янгилик яратувчи ҳуқуқини қонуний расмийлаштириш эвазига ижодий маҳсулидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Жаҳон тажрибаси гувоҳлик беришича, патент фаоллиги кўрсаткичи давлат иқтисодий қудратининг билвосита кўрсаткичи ҳисобланади.
ЖАҲОНДА ТИЗИМ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?
Муаллифлик ҳуқуқи бўйича етакчи мутахассисларнинг фикрича, XIX аср ўрталаридаёқ муаллифлик ҳуқуқини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш эҳтиёжи туғилган. Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти (БИМТ) ҳукуматлараро халқаро ташкилот бўлиб, штаб-квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган. Ушбу ташкилот БМТ тизимига кирувчи 16та ихтисослаштирилган муассасалардан таркиб топган, 160га яқин давлат унинг аъзоси. БИМТ 1967 йил 14 июль куни Стокголм шаҳрида имзоланган бўлиб, 1970 йилдан кучга кирган, 1974 йил декабрда БМТнинг ҳукуматлараро халқаро ташкилоти, деган махсус мақомини олган.
БИМТнинг асосий мақсадлари деб қуйидагилар эътироф этилади:
- бутун дунёда давлатлараро, айрим ҳолларда халқаро ташкилотларда ИМҳимоясини рағбатлантириш, ИМ ҳимоясини таъминлаш ва рағбатлантириш борасида янги ва ҳар томонлама зарур бўлган халқаро Шартномаларнинг юзага келишида воситачилик қилиш;
- ИМка оид бўлган ва фаолият кўрсатаётган битимларнинг олий органлари оралиғида маъмурий фаолиятни бажаради. БИМТнинг котибияти сифатида Битимлар маъмурий бошқаруви ва Халқаро Бюро ҳаракатда бўлади. Шу кунга қадар БИМТ муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси билан шуғулланувчи ушбу Битимларнинг маъмурий вазифасини бажариб келади: Адабий ва бадиий асарларни ҳимоя қилиш ҳақидаги Берн Конвенцияси, ижрочилар, фонограмма ишлаб чиқарувчилари ва кўрсатув органлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақидаги Рим Конвенцияси, Фонограмма ишлаб чиқарувчиларнинг фонограммаларидан ноқонуний равишда фойдаланишдан ҳимоя қилиш ҳақидаги Женева Конвенцияси, Сунъий йўлдошлар орқали узатиладиган сигналлар дастурларини ташувчиларни тарқатиш ҳақидаги Брюссел Конвенцияси, фильмларни реестр қилиш ва аудиовизуал асарларни Халқаро рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги Шартнома. Ўзбекистон мазкур конвенцияларнинг аксариятига қўшилган.
Ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, Европа иттифоқи (ЕИ) давлатлари, қарийб икки юз йилдирки, ихтирочилар, олимлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини яхши йўлга қўйиш орқали иқтисодиётни тиклаб олишди. Бунда иқтидорли ихтирочилар билан давлат ўртасида икки томонлама манфаатли алоқанинг мавжудлиги ўзаро ишонч ва умид уйғотди. Масалан, 1973 йилда «Моторола» компанияси бош муҳандиси Мартин Купер мобил телефонда биринчи марта гаплашиб, симсиз алоқа орқали инсониятнинг орзулари ушалишига йўл очган ва тижорат мақсадида у 1983 йилда ишга тушган бўлса, бугунги кунда жаҳоннинг 4,0 млрд. аҳолиси мобил телефонда гаплашаётир. 1989 йилда АҚШлик Бернерс Ли жаҳон ўргимчак тўри Интернетни ихтиро қилди. Интернет дунёни кичик қишлоқчага айлантириб, унда ахборот товуш тезлигида одамларга етказилади... Одамларнинг мушкулини осон қилган иккита ихтиронинг кучини қаранг! Муҳим ҳақиқат шуки, АҚШ, Германия, Япония сингари саноати тараққий этган давлатларда ички ялпи маҳсулот ўсишининг 80-95 фоизи техника ва технологияларда ўз ифодасини топган янги билимлар ва инновациялар улушига тўғри келади.
ПАТЕНТЛАР ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШГА ИМКОН ТУҒДИРАДИ
Ихтироларга патентлар иқтисодий ривожланишни қандай қилиб рағбатлантириши мумкинлиги масаласи катта жилдликка илмий мавзу бўлади. Биз қуйида улкан жараённи фаол ишлаши бўйича бир неча мисоллар келтирамиз. Патентлар тўрт йўналишда қўлланилади: 1) патент ахбороти технологияларни узатишни ва тўғридан тўғри чет эл инвестициясини олиб келишни енгиллаштиради; 2) университет ва тадқиқот марказларида тадқиқот ва ишланмаларни ўтказиш имконини оширади; 3) янги технологиялар ва тадбиркорлик амалиёти катализатори; 4) корхоналар патентларни тўплаш ҳисобига бу актив асосида уларни лицензиялаштириш, қўшма корхоналар ва бошқа даромадли келишувларда қатнашади. Ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, АҚШ 70 % компаниялари ишлатиш имконига эга бўладиган технологик активларни қўлга киритган (уларнинг ҳажмий қиммати баҳолар бўйича 200 млрд. дан то 1 трл. АҚШ долларига етади). Қарийб 100 млрд. АҚШ долларлик шундай ҳаракатсиз инновациялар ИМ йирик компаниялари портфелларида сақланмоқда. Вақти келганида, уларни сотиш ва лицензиялаштириш мумкин бўлади.
ИМ лицензияси жуда ҳам фойдали соҳадир. “IBM” компанияси биргина 2015 йилнинг ўзида патентларни лицензиялаштириш ҳисобидан 2,5 млрд. АҚШ доллар даромад олди. Жаҳонда патентларни лицензиялаштиришдан олинган умумий даромад 1990 йилдаги 15 млрд. АҚШ долларидан 2015 йилга келиб 250 млрд. долларга етди. Бу астрономик рақамлардан технологияларни лицензиялаштириш фақат йирик компанияларда ёки пешқадам тадқиқот муассасаларида амалга ошади, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Хоҳлаган кичик ва ўрта корхона мазкур тадбиркорлик муносабатларида патент таркибий қисми билан иштирок этиши мумкин.
ЮТУҚЛАР ВА КАМЧИЛИКЛАРИМИЗ
Энди Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда истиқболли соҳа олдига қўйилган юксак вазифаларидан келиб чиқиб, ИМ соҳасининг ташкилий, психологик ва маърифий жиҳатларитўғрисида озгина гапириб ўтамиз. Шуни қайд этиш лозимки, инновацион бизнес давлат, инвесторлар томонидан қўллаб-қувватланиб, давлат дастурисиз ҳам ривожланиши мумкин. Олимлар, ихтирочилар билан бизнес аҳли дунёқараши турлича бўлгани учун нарх-наволарда, шартномавий келишувларда турли баҳоналар юзага келиши мумкин, аммо буни ечимлари мавжуд.Мабодо арзигулик ихтиролар бўлса, унга чет мамлакатдан буюртмалар тушади.
Мисол учун, собиқ иттифоқ даврида академик Воҳидов раҳбарлигидаги «Коинот» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси техник ишланмаларига Россия коинот фазогирлари шаҳарчасидан буюртмалар берилган. «Физика-Қуёш» илмий-технологик мажмуаси, «Кибернетика» ё «Автоматика» илмий-тадқиқот институтларининг баъзи ихтиролари ва ноу-хауларига чет эллик корхоналар катта қизиқиш билдиришган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, илмий ва ижодий фаолият, жумладан, ихтирочилик фаолияти анча фаоллашди. Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ИМА томонидан 22 мингдан ортиқ товар белгилари, 10 минг ихтиро, 3,5 минг ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари, 2,4 мингта саноат намунаси, 1000 фойдали модель давлат рўйхатидан ўтказилган. Аммо уларнинг қўлланилиш миқдори ҳақида аниқ маълумот қўлимизда мавжуд эмас. Бу тизим соҳалараро комплекс яхши йўлга қўйилмаганидан дарак беради. Сўнгги йиллардаги йирик инновациялар қаторида тиниқ суюқ тиббий-биологик объектларнинг рангли тасвирдаги микроскопик тадқиқ қилиш усулини кўрсатиб ўтишимиз мумкин.
Бу инновация учун ФАнинг Электроника институтига патент берилган. Усул юзасига тадқиқ этилаётган суюқлик суртилган яримўтказгичли материалдан фойдаланиш эвазига оддий микроскопда таҳлил учун олинган пробалардан нозик тузилишдаги қон элементлари ва микрофлора деталларининг контраст рангли тасвирига эга бўлиш имконини беради, бунда тасвир сифатли ва табиий рангларда олинади. Бунинг эвазига реагентлардан фойдаланиш, оптик схемасида фазали-контраст узелларга эга бўлган махсус микроскопдан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди. Эндиликда энг мураккаб ва муҳим таҳлилларни ҳатто оддий тиббий муассасаларда ўтказиш имконияти юзага келади, пробаларни олиб, уларни босиб чиқариш ўртасида эса саноқли дақиқалар ўтади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Патологик анатомия республика илмий-амалий марказида академик М.С.Абдуллахўжаева раҳбарлигида 2011 йилда ихтирога олинган патентда аниқланишича, агар микроскоп учун предмет ойнасига саратон хўжайралари жойланса, микроскоп окулярида улар ёришиб турганини кўриш мумкин экан. Бу саратон хўжайраларининг визуал маркери бўлиб қолди.
Ихтиронинг қиммати шундаки, саратон касалликларини уларнинг энг дастлабки босқичида, шиш ҳали ҳосил бўлмасдан, фақат уни келтириб чиқарадиган хўжайраларнинг ўзи пайдо бўлгандаёқ ташхислаш имконияти туғилди.Шу ўринда, ўзбек олимлари ва муҳандисларининг энг яхши ихтиролари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Швейцария, Франция, Россия, Канада, Япония, Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатларда патентлангани бизни мамнун қилади.
Масалан, Ички ишлар вазирлиги Олий ўт ўчириш-техник мактаби қошидаги Ёнғин хавфсизлиги илмий-тадқиқот марказининг бошлиғи Миржалил Усмонов 18 давлатда ўз патентига эга бўлди. У ишлаб чиққан ёнғинга қарши экранлар иссиқлик оқими суръатини юз ва ундан кўпроқ мартага сусайтириши мумкин. Ушбу ихтиро аҳамиятини ҳар қанча ошириб кўрсатса ҳам камлик қилади. Бу борада кўпчилик мамлакатларда ёнғинлардан кўрилаётган зарар ва уларга қарши курашишга кетаётган сарфлар ҳар йили ялпи миллий маҳсулотнинг тахминан бир фоизини ташкил қилишини айтиб ўтиш кифоя қилади.
Жаҳонда жами 8 млн. патент рўйхатга олинган (4 млн. АҚШга тегишли), ҳар йили яна 600-700 минг патент қўшилиб боради. Ихтирочилик даромадли бизнес бўлиб, патентлар ва ноу-хаулар бўйича лицензион ажратмаларнинг умумий суммаси йилига 250 млрд долларни ташкил этади. Бироқ Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ҳиссаси ҳозирча жуда оз.Агар 1980 йилларда ўзбекистонлик талабнома берувчилардан ихтироларга йилига ўртача 2170 тадан талабнома топширилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 400 тага тушди, яъни ихтирочилик фаолияти суръатлари 5,5 марта тушиб кетди.
Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида аҳоли ихтирочилик фаоллигининг энг юқори коэффициенти 2011-2015 йилларда Япония (10 минг аҳолига 28,5–30,5 талабнома), Корея Республикаси (15,5–25,1), АҚШ (6,2–7,0), Германия (5,9–6,4), Финляндия (3,5–4,6), Дания (3,1–3,4), Буюк Британия (2,9–3,4), Россия – (1,65-2,5)да кузатилади.Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич кўрсатиб ўтилган давр мобайнида 0,09-0,21ни ташкил этдики, бу мамлакатда ихтирочилик фаоллиги даражасининг пастлигидан далолат беради.
ИМ ТИЗИМИ ВА ИННОВАЦИЯ ТАНДЕМИ КЕРАК
Бугунги кунда ИМ ва инновация республика миллий иқтисодини ривожлантириш учун сув ва ҳаводай зарур соҳаларга айланган. Бу икки эгизак тизимни бир-бирининг иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо шу билан бирга, иккала тизим инфраструктураси, ИМ бозори юртимизда ҳали шаклланмаганини ҳам тан олиш зарур. Бу борада ташланган илк ғоялар ва ташаббуслар ҳам қоғозда қолиб кетаётир. Бир далил: республика Патент идорасида раҳбар бўлиб ишлаган йилларимда мутасадди вазирлик ва компаниялар, йирик ишлаб чиқарувчиларнинг эътиборини тортиш мақсадида 2009 йилдан бошлаб «Истиқболли ихтиролар» тўпламини чоп этган эдик.
Биз 2011 йилгача 200 дан зиёд ихтироларни таъриф ва тавсифларини эълон қилиб борганмиз. Аммо мазкур истиқболли ихтироларнинг кейинги тақдиридан ҳамон бехабарман (2011 йилда бошқа ишга ўтиб кетганман). 2008-2010 йилларда 50 дан зиёд олий ўқув юртлари, шунингдек, Навоий, Олмалиқ, Бекободдаги йирик корхоналарда семинар-тренинг, ўқитишлар ўтказиб, шартномавий муносабатларга киришилган,2010 йилда соҳани ривожлантириш Концепцияси ишланиб, Ҳайъат мажлисида тасдиқланган эди. Ихтирочилар ва ишлаб чиқарувчилар алоқасини боғлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси департаментларини йиғиб, тақдимотлар ўтказилган..
Сўнгги уч йилда давлат ва ҳукуматимиз томонидан илм, фан, маърифат аҳлига, хусусан, истеъдодли олимларга грантлар, иқтисодий кўмаклар берилаётганини қувонарли ижобий ҳодиса, деб ҳисоблаймиз.
Аммо илм-фан, инновация ва ишлаб чиқариш тандемида ИМ имкониятига алоҳида ёндашув бўлишини истардим.ИМ – асли, бу кўп сонли яратувчилар билан товарлар, хизматларни ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўпланган катта маблағни адолатли тақсимлаш инструменти. Турган гапки, у икки томонни, биринчи навбатда давлатни иқтисодий бой қиладиган механизм. Бироқ жамиятда яхшигина оёққа турган олигархлар, бой-бадавлат кишилар ИМ ролини очиқдан-очиқ рад этиш бараварида бошқаларни шунга даъват этишга уринишади. Чет элда бунинг аксини кўрамиз.
Сабаби, бундай тизим ва инфратузилма ишга тушиб кетса, кўплаб «бизнесмен»ларнинг божхона, солиқчилар кўзини шамғалат қилиш ҳисобига бойиб қолиши, енгил-елпи йўл билан даромад олиши барҳам топади. Сиёсий ҳаёт – манфаатлар курашидан ташкил топади. Бизнесменлар, коррупция гуруҳлари ИМ соҳасида кутилаётган ислоҳотларга, демакки миллий иқтисоднинг ривожига турли даражада тўсқинлик қилишга ҳар жиҳатдан интилади. Мисол учун йилига 10 млрд. сўмлаб даромад олаётган CD, DVD дисклари сотиладиган "пират" бозори қонунга итоат қилмай келишмоқда.
ИМ – ЎН МИНГЛАБ ИХТИРОЧИЛАРНИНГ ЖАСОРАТ МАЙДОНИ
Бу гапда катта ҳақиқат ётибди. ИМ – бу, юқори технология ва ўта иқтидорлилар бизнесига кирадиган ўн минглаб интеллектуалларнинг фундаментал инструменти. АҚШ, Швеция, Франция, Германия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва бошқа иқтисоди ривожланган мамлакатлар ИМ инструментидан жаҳон пул оқимини қайта тақсимлаш мақсадида фойдаланади! Ўзбекистонда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва камбағалликни камайтириш вазирлиги мутасаддилари афсуски ана шу ҳақиқатни тушунишни истамайди. Бизнингча, ушбу вазирлик раҳбарлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бозор иқтисоди шароитида навбатма-навбат билимлар иқтисоди тизимини барпо этишга доир Стратегик дастурларини тайёрлаб бориши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Бундай дастурлар тезроқ ишга туширилмаса, вақт ва имкониятдан ютқазамиз. Республикада аниқ фанларда илмий мактаблар давомчилари ҳозирча борлиги (улар ҳам саноқли) ва уларнинг астойдил ҳаракати қўлимиздаги энг муҳим ютуғимиздир. Ўн йилдан сўнг яхши имконият қўлдан бой берилиши мумкин... Аммо Стратегик дастурлар бошида давлат чиновниги эмас, балки уддабуро, ташкилотчи фан фидойилари турмоғи даркор.
ИМ – бу, ақлли бизнесмен ва етук мутахассислар бойиб қоладиган инструмент эмас, у бозорда рақобатбардош маҳсулот вужудга келишининг бош омили ҳамдир. Кимки ишни аниқ, пишиқ-пухта ўзлаштирса, ўшанда устунлик сақланади. Юқорида тилга олинган АҚШ, Европа иттифоқи давлатлари бизнесменлари ушбу олтин қоидани яхши ўзлаштириб олишган. Муҳими, улар ИМ ва илм-фан тараққиётига суянмасдан, дастур ва режаларни асло тузмайдилар.
МУҲИМ ВАЗИФАЛАР ЕЧИМИНИ КУТМОҚДА
Биргина таҳлилий мақолада масалага нега бунчалик жиддий ва куйинчаклик билан қарамоқдамиз? Гап шундаки, биринчидан, биз дунё юрган иқтисодий йўлдан қадам ташлар эканмиз, илм-фан, билим, инновацияга доир муаммоларни кўз олдимизга келтиришимиз, ундан қўрқмаслигимиз лозим.
Иккинчидан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мўлжаллаб турибди, агар масала ҳал бўлса, етакчи ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан миллий иқтисоднинг хом ашёсиз секторида анча мураккаб вазият юзага келади. Мураккаб аҳволдан қутулишнинг йўллари қуйидагилардан иборат:биринчидан, барча саноат корхоналари раҳбарлари ИМни оммавий рад этиш, уни четлаб ўтиб кетиш психологиясидан бутунлай воз кечиши керак. Иккинчидан, ИМ ҳисобига қурилган бизнес ғояларни жорий этиш жараёнини бошидан охиригача рағбатлантириб бориш тизимини яратиш лозим.
Муаллифларни мукофотлар бериш йўли билан моддий рағбатлантириш ҳам катта аҳамиятга эга. 1991 йилга қадар ихтиролар учун бир марта бериладиган рағбатлантирувчи мукофот ва асосий мукофот белгилаш амалда қўлланилган. Учинчидан, «Номатериал активлар ҳисоби» рўйхатини кенгайтириш, унга энг камида ноу-хау – «ишлаб чиқариш сирлари»ни ҳам киритиш зарур бўлади. Тўртинчидан, етакчи давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион лойиҳалар учун узоқ муддатга жалб этиладиган маблағларга солиқ имтиёзлари берилиши мақсадга мувофиқ.
Мазкур имтиёзлар келгусида ортиғи билан қайтиб келиши билан бирга, Ўзбекистонда бизнеснинг илдам ўсишига, бюджет суръатининг сезиларли кўпайишига олиб келади. Қароқчи маҳсулотлар бозори (CD, DVD дисклар «чаққон» савдоси)дан бюджетга маблағ келиб тушиш тушумини оширишни ҳам жиддий ўйлаб кўриш фурсати етди, назаримизда.
Ўзбекистон Республикаси адабий ва бадиий асарларни ҳимоя қилиш Берн конвенциясига аъзо бўлган ҳамда 2006 йил 22 июнда «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳрири қабул қилинганлиги муносабати билан республикамиз ва чет эл муаллифларининг ҳуқуқларини, шунингдек яратилган асарларни ноқонуний такрорлаш-лицензиясиз (қароқчи) маҳсулотдан ҳимоя қилиш олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётир.Тармоқлараро ишлаш механизми ҳанузга қадар ишланмаган. Бунинг натижасида Ўзбекистон бозорларида муаллифлар билан шартнома тузмасдан сотувга чиқарилган қароқчилик аудио-видео маҳсулотлари кўпайиб, миллий ҳуқуқ эгаларига етказилаётган маънавий ва иқтисодий зарар хамда давлат хазинасига тўланмаётган солиқлар катта суммани ташкил этмоқда.
Иқтисодчилар узоқ йиллар мобайнида баъзи мамлакатларда иқтисод бошқаларникига қараганда нега жадал ривожланишини тушунтиришга ҳаракат қилиб келади. Бошқача қилиб айтганда, нега айрим давлатлар бой-бадавлат, бошқалари эса камбағал эканлигини исботлайди. Кенг жамоатчилик биладики, сўнгги пайтларда иқтисоднинг ривожида билим ва ихтиролар, шубҳасиз, муҳим роль ўйнайди.
Машҳур иқтисодчи Пол Ромернинг таъкидича, билимларни тўплаш иқтисодий ўсишни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Унинг назариясига кўра, иқтисодий сиёсатда ўсишни осонлаштирмоқчи бўлсангиз, мамлакат янги тадқиқотлар ва ишланмаларга инвестицияларни кўпайтириб бориши лозим. Бунинг учун аввало, илғор мамлакатлар (Хитой, Япония, Жанубий Корея) тажрибасини бориб жойида ўрганиш, уни юртимизда қўллаш механизмларини ишлаб чиқишимиз зарурга ўхшайди.
ХУЛОСА ЎРНИДА
2020 йил – Илм, фан ва рақамли иқтисодни ривожлантириш йилининг имкониятидан унумли фойдаланиб, кейинги беш йилда математика, кимё, биология, фармацевтика, ахборот технологияси каби энг устувор йўналишлардаги ихтироларга 20 йилга патент ҳимоя ҳужжати олинган ИМ объектларини (асосан, ихтиролар ва фойдали моделлар) тезликда инвентаризациядан ўтказилишини таклиф этамиз. Чунки, кўплаб ихтиролар жорий этилиши кечиккани боис, қайси йўллар биландир чет элга чиқиб кетиши кузатилмоқда.
Инвентаризация хулосалари раҳбарият столига қўйилгандан сўнг, масаланинг реал ҳолати аён бўлади. Шунда соҳа экспертлари аниқлаган энг яхши ихтиролар, фойдали моделлар 2020-2025 йилларнинг Давлат дастурларига киритилиши, мақсадли молияланиши, йил якунида мустақил экспертлар раҳбариятга ҳисобот киритиши керак. Шуни қайд этиш лозимки, истиқболли ихтирони жорий этишга олимларнинг саъй-ҳаракати ҳам, маблағи ҳам етишмайди ва уни давлат тўлиқ зиммасига олиши даркор.Ахборотлашган жамиятда ихтиролар технологияси ва қўллаш механизми 2-3 йилда эскириб қолишини ҳисобга олсак, жорий этилиши масаласини тезликда ҳал этиш лозим.
Шу билан бирга, яна қуйидагиларни таклиф қиламиз: биринчидан,саноат корхоналаридаги патент бўлимлари ва конструкторлик бюроларини қайта тиклаш; иккинчидан,Техника давлат университетида «Патентшунослик» ва «Инновация менежменти» мутахассислигини тайёрлашни амалга ошириш; учинчидан, Интеллектуал мулк агентлигида ихтирочилик, фойдали модель, товар белгилари ва бренд маҳсулотни тайёрлаш технологияси ўқитиладиган бир ойлик пуллик малака ошириш курсларини очиш мақсадга мувофиқ. ХХI аср – интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган аср эканлигини эътироф этсак, бу амалий таклифларимиз ўзини ҳар жиҳатдан оқлашига ишонамиз.
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши арафасида давлат ҳокимият тизими билан иқтидорли олимлар, ишлаб чиқарувчилар, товарлар ва хизмат кўрсатувчи тизимлар тезликда ташкилий, психологик чора-тадбирларни амалга ошириб, платформа яратган ҳолда, ахборот алмашиб туриши лозим. Бу вазифани Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлиги ўз зиммасига олиши керак.Бугунги глобаллашув кучайган даврда жамиятда ИМнинг етакчилик роли янада ошиб бораверади.
Хулоса шуки, Ўзбекистонда ИМ тизимини замон талаби асосида қайта кўриб чиқиш ва ривожлантириш пайти келди, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, бу истиқболли соҳа ақлни пулга айлантириш ва анъанавий иқтисодиётни рақамли иқтисодиётга айлантириш пойдевори бўлиб хизмат қилади!
Мақоламизда биз ИМ тизими бугуни ва эртасидан нимани кутмоқдамиз, деган саволга имкон қадар жавоб изладик.“Интеллектуал мулк ҳимоясини мустаҳкамлай олсак, бу ҳам учинчи Ренессансга ишончли пойдевор бўлади, - деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 октябрда ўтказилган йиғилишда. Демак жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ўз тажрибасида чексиз имкониятини тан олган, БМТнинг ҳозирги 16 ташкилотидаги энг нуфузли ва энг бадавлат соҳанинг муаммоларини , юртимизда ҳам тезроқ ечимини топиш, унинг порлоқ келажагига ишонч кўзи билан қараш, ихтиролар ва ишлаб чиқариш уйғун ишлашига ҳаммани сафарбар этиш вақти етиб келди, деб ҳисоблаймиз.
Бахтиёр ОМОНОВ, Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, сиёсий фанлар доктори