Навоий вилоятида ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини рақамлаштириш ва бир хил тартибга солиш орқали инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги янгича талаб ҳамда ёндашувларга бағишланган ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда давлат органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда.

Бу борада 2024 йил 9 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари тўғрисида”ги Намунавий низом тасдиқланди. У республика ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг вазифалари ҳамда функцияларини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, уларга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Семинарларда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришга масъул бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.
– Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан бошлаб, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолияти hrm.argos.uz электрон платформаси орқали давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан баҳолаб борилади, – дейди Агентликнинг Навоий вилоят филиали раҳбари ўринбосари Шерзод Жумаев. – Эндиликда республика ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг раҳбарлари ушбу қарор талаблари асосида давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органида аттестациядан ўтади. Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг раҳбари лавозимига, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлган, камида 2 йил меҳнат стажига эга, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни ўзлаштирган, инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлиги ва шахсга доир маълумотлар билан ишлаш бўйича билимларга эга бўлган шахслар тайинланади.
Тадбирлар доирасида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири