
Инсонга узатилган ҳар қандай ёрдам бу ҳаётга нур, келажакка ишонч бахш этувчи қудратдир. Олмалиқ шаҳридаги “Теракли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Муниса Абдуллаева ана шундай эзгу мақсад йўлида фидоийлик билан хизмат қилаётган инсонлардан бири.
Тоғли жойда бўлган ушбу ҳудудда жами 160 та хонадон бўлиб унда 1 минг 68 нафар аҳоли яшайди. Ижтимоий ходим ўз фаолияти доирасида ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган фуқаролар, кам таъминланганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга доимий эътибор қаратилган.

Масалан, улар орасида 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида турувчи Абдуваҳоб Миннибоев протез-ортопедия воситалари билан таъминланди. “Саховат ва Кўмак” жамғармаси орқали унга кийим-кечак ва моддий ёрдам ҳам кўрсатилган. Бугунги кунда маҳаллада 7 та оила Ижтимоий реестрга, 2 та оила эса “Камбағаллик реестрига” киритилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни пайтда Олмалиқ шаҳрининг 52 та маҳалласида 51 нафар ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим фаолият юритмоқда. Жорий йил бошидан буён ҳудуд бўйича 3 минг 926 нафар фуқаро мурожаати қабул қилиниб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди.

– Давлатимиз томонидан ёрдам олган инсонларнинг кўзидаги миннатдорлик, болаларнинг юзидаги табассум мени янада фидокорлик билан ишлашга ундайди. Фуқаронинг ҳаётини яхшилашга қаратилган ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бераётгани эса менга янада завқ беради. Шу жамиятда яшаб, сендан кўмак олган кишининг қувончли кунига ҳисса қўшиш чинакам бахтдир, – дейди Муниса Абдуллаева.
А.Мусаев, ЎзА