Инсон қалби, миллат тантилиги ва давлатнинг мавқеи унинг тили билан чамбарчас боғлиқ. Тил, бу – фақат мулоқот воситаси эмас, балки бир миллатнинг асрлар давомида тўплаган тафаккури, маданияти, тарихи ва борлиғидир. Шунинг учун ҳам адабиётшунослар тилни “миллат қалби”, тарихчилар “миллат хотираси”, файласуфлар эса “маънавият манбаи” деб таърифлашади.

Тилга бепарво муносабат, уни асраб-авайламаслик ёки бошқа тилни устун қўйиб, ўз она тилидан узоқлашиш доимо миллатнинг маданий ва маънавий инқирозига олиб келган. Бугунги кунда ҳам дунёда юзлаб тиллар инқироз остонасида турибди – улар билан бирга, бутун бошли миллатлар, этник гуруҳлар ва маданиятлар ҳам йўқолмоқда.

Ҳазрати Алишер Навоий тилни инсоннинг энг катта неъмати сифатида шундай таърифлайди:

Сўздирки, нишон берур ўликка жондин,

Сўздирки, берур жонга хабар жонондин,

Инсонни Сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билким гуҳари шарифроқ йўқ ондин. 

Тарихдан маълумки, ҳар қандай босқинчи аввало забт этилган халқнинг тилини йўқотишга уринган. Чунки тил бор жойда миллатнинг қалби уйғоқ бўлади. Шунинг учун ҳам миллий мустақилликни сақлаб қолишнинг энг муҳим шартларидан бири – тилни муҳофаза қилиш ва ривожлантиришдир. Тилини қадрламаган авлод ўз халқи тарихини, фольклорини, қадриятларини англай олмайди. Бу эса глобаллашув шароитида йўқолиб кетаётган майда миллатлар сингари маънавий парокандаликка сабаб бўлади. 

Ўз тилини билмаган одам бошқа тилда қабул қилган маълумотларни ҳимоясиз қабул қилади. Натижада миллий қадриятлар эмас, балки ташқи маданиятлар устувор бўла бошлайди. Алломалар, шоирлар, мутафаккирларнинг асарлари ўз тилида ўқилмаса, миллат ўз миллий маънавий хазинасидан узилади.

Бугунги кунда дунёда 7 мингга яқин тил мавжуд. Улардан 40 фоизга яқини инқироз хавфи остида. Ҳар икки ҳафтада эса бир тил бутунлай йўқолмоқда. Бу борада Айну (Япония), Корн (Буюк Британия), Ливон (Балтика бўйлари), Уичита (АҚШ) ва Нивх, Эвенк инқирозидаги шарқий Сибир тиллари шулар жумласидан саналади. Бу тиллар билан бирга халқларнинг тарихи, ривожланган маданияти ва турмуш тарзи ҳам йўқолмоқда. Бир вақтлар Месопотамияда улкан цивилизация яратган сумерларнинг тили бугун фақат тадқиқот объекти бўлиб қолди. У билан бирга ноёб маданият ҳам йўқолиб кетди. Қадимги Мисрнинг иероглиф тили милоддан аввалги минг йилликларда гуллаб-яшнаган. Бу ёзув ва унинг тил системаси аҳоли орасида ишлатилиши тўхтаб, руҳоний матнларга айланиб қолди.

Бундан ташқари, Аксум, Элам, Ҳуррит, Урарту халқларининг тили фақат тошлар ва археологик топилмаларда сақланиб қолган холос. Миллат йўқолганда унинг тили ҳам тарих саҳнасидан ўчиб кетади.

Қадимги ўлкаларда ташлаб кетилган шаҳарлар, вайрон бўлган ибодатхоналар, тошга ўйилган битиклар шундан гувоҳлик берадики, ҳар бир йўқолган тил инсоният тарихидаги унутилган китобдир. Тасаввур қилинг, бир вақтлар болаларнинг тилида жаранглаган, ошиқлар шеър ўқиган, алломалар мунозаралар қилган тил музей экспонатларига айланиб қолса. Унинг нафаси ҳавода йўқ, сўзи қулоқда йўқ, руҳи инсонлар хотирасида йўқ.

Айтиш лозимки, она тилини асраб-авайлаш, бу – фақат грамматикага риоя қилиш эмас. Бу аждодлар овозини, тарих садосини, халқ қалбининг торларини ниҳолдай парваришлаш демакдир. Шу боис ҳар бир инсон, ҳар бир зиёли, ҳар бир ота-она ўз она тилини асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва келажак авлодга соф ҳолда етказиш масъулиятини ҳис қилиши зарур. 

Аҳадхон МУҲАММАДИЕВ,

филология фанлари номзоди, профессор.

ЎзА

Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қалби, эл мавқеи унинг тилга бўлган эътиборига боғлиқ