
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда проректорлар, факультет деканларининг ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари билан бошланди.

Тадбирни институт ректори Қувондиқ Қодиров олиб борди. Таъкидланганидек, конституция ҳар бир давлатнинг тарихи, бугуни ва келажаги, халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирувчи асосий қонун ҳисобланади. Конституция амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва уларнинг қонунчилик асосларини яратишнинг бош ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси кафолатидир. Бош Қомусда барча нормалар энг, аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаган ҳолда, инсон – жамият – давлат тамойили асосида ишлаб чиқилган.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Рустам Сапарбаев Бош Қомусда белгиланган нормаларнинг ҳаётда тутган ўрни, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳаси, жумладан, ёшларнинг олий маълумотли бўлиши учун яратилаётган шароит ва имкониятларига, Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси Камал Тарихов Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихи, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Бахтияр Тўребеков мамлакатимизда Конституция асосида қонун устуворлигини таъминлаш, бунда “Инсон қадри ҳамма нарсадан улуғ” тамойилига амал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларнинг аҳамиятига тўхталди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.