Бугунги глобаллашув давридаги тараққиёт инсониятнинг фикрлаш, тафаккур доирасини янада кенгайтирмоқда. Бу ўз навбатида жамият ривожини таъминлашга янги тамойилларни татбиқ этишни тақозо этади. Хусусан, Янги Ўзбекистон ҳам ана шу тамойилларга асосланган ҳолда барпо этилмоқда.
Президентимиз қайд этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”. Шундан келиб чиқиб, жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида кенг ва самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, илм-фан, тадбиркорлик, аҳолини иш билан бандлиги, одил судлов, қўйингки барча-барча йўналишларда жуда катта қадамлар ташланмоқда, ўзгаришлар олиб борилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эса давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишига мустаҳкам замин яратди.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилди. Ана шу ишлар халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда, ижобий баҳоланмоқда. Ислоҳотлар натижасида юртимизда мажбурий меҳнатга барҳам берилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган ҳурматнинг янги босқичга кўтарилганлиги, халқ билан мулоқот тизимининг йўлга қўйилганлиги, давлат хизматларини кўрсатишда янгича принципларнинг жорий этилганлиги, мансабдорларнинг доимий ҳисобот бериб бориши, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган талабларнинг белгиланганлиги, аҳоли турмуш тарзининг юксалиши каби бир қатор мисоллар шулар жумласидандир.
Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бевосита 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу тарихий ҳужжат доирасида қонун устуворлигига эришиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жазо турларини либераллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш, гендер тенглигини, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, инсонпарварлик тамойили асосида йўлдан адашганларга яна бир имкон бериш ҳамда уларни жамиятга мослаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилингани ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Шунингдек, Янги таҳрирдаги Конституция орқали юртдошларимиз ҳуқуқ ва эркинликлари янада кенгайди. Масалан, Конституциянинг 20-моддасида фуқаро билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар фуқаро фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, янги ҳуқуқлар ва қоидалар белгиланди. Буни аввалги “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби, “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб ўзгартирилганида ҳам кўриш мумкин. Аввалги Конституцияда инсон ҳуқуқлари бобида 23 модда ажратилган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу бўлим 34 та модда билан мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқларига тааллуқли моддалардаги нормалар 37 тадан 98 тага кўпайди. Бу дегани фақат янги моддалар қўшилиб қолинмай, янги нормалар билан ҳам бойитилди.
Шу билан бирга конституцион нормалар билан инсонни шаъни ва қадр-қиймати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёхуд унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги каби нормалар ҳам мустаҳкамланди.
Бу борада айбсизлик презумпцияси аниқ белгиланганлиги, айбсизликка оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши, ҳар ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ва жазоланиши мумкин эмаслиги, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидаларни ўрнатилиши инсонпарвар давлат барпо этиш йўлидан бораётганимизнинг яққол далили сифатида акс этади.
Талантбек Мадумаров,
Андижон давлат университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор.
ЎзА