ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Инклюзив жамият сари” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Бугунги глобаллашув ва рақобат муҳити инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашни талаб қилмоқда. Шу жиҳатдан қараганда, инклюзив жамият концепцияси долзарб ва муҳим мавзулардан биридир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, лойиҳа ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари Ж.Жумаев, ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши аппарат раҳбари М.Эшниёзов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими Ҳ.Равшановлар Навоий шаҳридаги 5-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасаси фаолияти ва унда ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг барча қатори эркин таълим олиши учун яратилган имкониятлар билан танишди.

Бугунги кунда ушбу таълим муассасасида 15 нафар ногиронлиги бўлган ўқувчи таълим-тарбия олиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ўқувчилар билан мулоқотда бўлиб, яратилган шароитлар, уларнинг қизиқишлари ва келгуси режалари билан қизиқди.
“Чадос-2019” МЧЖда асосан миллий қўғирчоқлар тайёрланади. Бугунги кунда мазкур корхонада “Аёллар дафтарида” турувчи 28 нафар хотин-қиз, шунингдек, ногиронлиги бўлган 8 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
Ишчи гуруҳи аъзолари корхонада бўлиб, ногиронлиги бўлган ходимларнинг фаолияти ва уларга яратиб берилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Тадбир сўнггида бир гуруҳ ходимлар партия сафига қабул қилиниб, уларга партиянинг аъзолик гувоҳномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Ишчи гуруҳ “Инклюзив жамият сари” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш мақсадида Навоий шаҳар 16-сон кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида бўлди.
У ерда ногиронлиги бўлган тарбияланувчилар учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, таълим муассасасининг махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич ва бошқалар), шунингдек, тегишли кадрлар (махсус педагог, руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар) билан таъминланганлик даражаси ўрганилди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутати вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази фаолияти ва марказнинг қурилиши режалаштирилаётган янги биносининг лойиҳаси билан танишди. Марказнинг бир қатор ижтимоий ва маданий объектлари ҳамда ошхонасида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар борасида ўрганишлар олиб борилди ва аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири