Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инклюзив таълим – кенг имкониятлар сари қадам

Бухорода таълим тизимида инклюзив ёндашувни кенг жорий этиш, барча ўқувчилар учун тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, тўсиқсиз ва барчага очиқ таълим муҳитини шакллантириш мақсадида навбатдаги амалий ўқув семинари ташкил этилди.

Семинар давомида инклюзив таълимни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, унинг ҳуқуқий, педагогик ва ижтимоий жиҳатлари, таълим жараёнида замонавий инновацион педагогик ёндашувларни қўллаш механизмлари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжига эга бўлган ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчиларга инклюзив таълим тизимини такомиллаштириш, уни амалиётга самарали татбиқ этиш, ўқувчилар учун қулай, хавфсиз, мослаштирилган ва психологик жиҳатдан соғлом таълим муҳитини яратишнинг амалий жиҳатлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир жараёнида махсус педагоглар, дефектологлар ва психологлар томонидан инклюзив таълимнинг самарали методлари, индивидуал ёндашув асосида ишлаш тажрибалари, ҳар бир боланинг имконият ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда таълим бериш усуллари ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қилувчи амалий тавсиялар тақдим этилди.

Шунингдек, инклюзив синфларда очиқ дарс машғулотлари ташкил этилиб, илғор педагогик тажрибалар намойиш қилинди. Бу орқали иштирокчилар замонавий таълим технологиялари, мослаштирилган ўқув материаллари, интерактив усуллар ҳамда болалар билан индивидуал ишлаш моделлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Семинар доирасида педагоглар ўртасида ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилиб, муваффақиятли амалиётлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, инклюзив таълим бу фақатгина таълим тизимининг алоҳида йўналиши эмас, балки жамиятда тенглик, ҳурмат, бағрикенглик, инсонийлик ва ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий қадриятдир. У ҳар бир боланинг имкониятларини эътироф этиш, уни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилиш ва унинг салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган инсонпарвар ёндашувни ифодалайди.

Бундай амалий ўқув семинарлари педагогларнинг касбий компетенцияларини мустаҳкамлаш, инклюзив таълим бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, ҳар бир боланинг сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда таълим тизимида инсонпарвар, адолатли ва барқарор муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зариф Комилов, ЎзА