Бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Аммо айрим ҳолларда баъзи инфратузилма объектлари қурилишларида кечикиш ҳолатлари юзага келмоқда.

Шу йилнинг 16 июнь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан бунёд этилаётган айрим инфратузилма объектлари қурилиши кечикаётгани кўрсатиб ўтилиб, бу борада устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур масалада бир қатор назорат-таҳлил тадбирларини олиб бормоқда.
Хусусан, қуйи палатанинг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси вакиллари томонидан Қашқадарё ва Наманган вилоятларида айни вазият атрофлича ўрганилди. Ўрганишларда аниқланган масалалар, кечикаётган ишлар таҳлил қилиниб, зарур таклиф-тавсиялар берилди.

Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида бу борада вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди. Жумладан, Энергетика вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзсувтаъминот” АЖ масъуллари мазкур масалалар юзасидан маълумотлар тақдим этди.
Муҳокамаларда халқ вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувлар давомида бу масалага доимий эътибор қаратилаётгани, ҳар бир кечикаётган объект ҳудудларда аҳолининг турли эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидладилар. Ижроси кечикаётган лойиҳалар юзасидан тендер, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш, назорат ва мониторингни қатъий тартибда ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди. Ушбу йўналишдаги ишлар мунтазам ўрганиб борилиши таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА