Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инфляцияни ҳисоблаш тартиби янгиланди

2026 йилнинг январь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси истеъмол нархлари индексини (ИНИ) ҳисоблашнинг янгиланган методологиясини жорий этди. Ушбу янгилик инфляция кўрсаткичларини халқаро стандартлар асосида янада аниқ ҳисоблаш имконини беради.

Миллий статистика қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, методология Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари кўмагида ишлаб чиқилган. Асосий ўзгаришлардан бири — нархлар бўйича маълумотларни йиғиш даврининг узайтирилиши бўлди. Энди маълумотлар ҳар ойнинг 1 санасидан 25 санасигача йиғилади. Илгари бу муддат 11 календарь кунни ташкил этар эди.

Янгиланган тартибга кўра, 2026 йилда истеъмол нархлари индекси 517 та товар ва хизмат позицияси асосида ҳисобланади. Бу ўтган йилга нисбатан 7 та янги позиция қўшилганини англатади. Жумладан, нодавлат мактабларда таълим олиш, стриминг сервислар, мессенжер ва сунъий интеллект хизматларига пуллик обуналар, транспорт воситалари ҳамда электросамокатларни ижарага бериш хизматлари рўйхатга киритилди.

Шунингдек, илгари ҳисоб-китобда қамраб олинмаган қатор харажат турлари ҳам инобатга олина бошланди. Улар орасида иккиламчи бозордан автомобиль харид қилиш, давлат хизматлари, аквапарк хизматлари, мебель ва гиламларни ижарага бериш, мусиқа, рақс ва фотография бўйича таълим хизматлари мавжуд.

Ҳисоб-китоблар аниқлигини ошириш мақсадида айрим товар гуруҳлари батафсил таснифланмоқда. Хусусан, бензин нархлари эндиликда АИ-92, АИ-95, АИ-98 ва АИ-100 маркалари кесимида ҳисобланади. Тошкўмир нархлари эса тартибга солинадиган ва бозор нархларига ажратилади.

Бундан ташқари, 2026 йил январидан истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш формуласи ҳам ўзгартирилди. Илгари қўлланилган модификацияланган Ласпейрес формуласи ўрнига ХВЖ тавсия этган, халқаро қўлланмаларда акс этган модификацияланган арифметик Young формуласи жорий этилди.

Мазкур янгиланган методология асосидаги ҳисоб-китоблар 2026 йил февраль ойидан бошлаб амалиётга татбиқ этилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА