Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илон Маск “Starlink” смартфонини ишга туширади(ми)?

Сўнгги кунларда “SpaceX” атрофида қизиқ саволлар муҳокама қилинмоқда: компания ракеталардан кейин смартфон ҳам чиқармоқчими? Гап оддий телефон ҳақида эмас, балки сунъий йўлдошга бевосита уланадиган алоқа воситаси ҳақида кетмоқда.

“Reuters” ёзишича, Илон Маск компанияси“Starlink” бренди остида махсус қурилма устида ишламоқда. Ушбу ғоя телефонни мобил минораларсиз, тўғридан тўғри орбитадаги йўлдошларга улаш имконини бериши мумкин.

Маскнинг ўзи эса миш-мишларга эҳтиёткорона ёндашмоқда. Миллиардер “Х” (собиқ Twitter) тармоғида “Биз оддий смартфон ишлаб чиқармоқчи эмасмиз”, деб ёзди. 

Аслида “SpaceX” мобил алоқа бозорига аллақачон қадам қўйган. Компания “T-Mobile” билан ҳамкорликда мавжуд смартфонларга “Starlink” орқали сигнал етказиш устида ишламоқда. Бундан ташқари, сунъий йўлдош частоталарини сотиб олиш бўйича 19,6 миллиард долларлик келишув ҳам тузилган.

Бугунги кунда “SpaceX” орбитада 9 500 дан ортиқ сунъий йўлдошга эга. Уларнинг қарийб 650 таси тўғридан-тўғри қурилмага уланадиган алоқа учун мўлжалланган бўлиб, келажакда ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам алоқа таъминланишини кўзлайди.

Хулоса шуки, “Starlink” логотипи туширилган оддий смартфон ҳозирча йўқ, аммо алоқа қоидаларини тубдан ўзгартирадиган янги турдаги қурилма яратилиши эҳтимолдан холи эмас. Маск учун бу навбатдаги “телефон” эмас, балки глобал алоқа тизимининг янги босқичи бўлиши мумкин.

Мусулмон Зиё, ЎзА