Юридик фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган профессор Хожимурод Одилқориев илму маърифатга юксак садоқат намунаси кўрсатган устоздир.
Юридик фанлари доктори, профессор Ҳ. Одилқориев мамлакатимиз ҳуқуқшунослик мактабининг илғор ва эътироф этилган намоёндаларидан биридир. У давлат ва ҳуқуқ назарияси соҳасида замонавий илмий мактаб асосчиларидан ҳисобланади.
1972 йилда Тошкент шаҳар судида суд мажлиси котиби сифатида иш бошлаган Ҳ. Одилқормев қисқа вақт ичида ҳуқуқшунослик соҳасида юқори салоҳиятли мутахассис сифатида шаклланди.
1973 - 1978 йилларда ТошДУ юридик факультетида таҳсил олиб, кейинчалик 1982 - 1985 йилларда Москвадаги Иттифоқ Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида аспирантурада таҳсил қилди ва номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
1995 йилда юридик фанлари доктори илмий даражасини, 2005 йилда эса профессор унвонини олди.
Унинг педагогик ва илмий йўли Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, ИИВ Академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази каби юртимиздаги етакчи олий таълим ва илмиймуассасаларда узлуксиз давом этди.
Устознинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ўта самарали ва кенг кўламлидир. У 1990 - 1992 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг илк лойиҳасини ишлаб чиқишда ишчи гуруҳ аъзоси сифатида иштирок этган.
Шунингдек, у “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Сайлов кодекси”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” каби қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида асосий мутахассислардан бири бўлган.
Унинг ҳуқуқий экспертиза ва илмий таклифлари 200 дан зиёд қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Профессор Ҳ.Одилқориев – 600 дан ортиқилмий асар, 58 монография ва дарслик, 550 дан зиёд мақола муаллифи.
Устознинг “Давлат ва ҳуқуқ назарияси”, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий ҳуқуқи”, “Икки палатали парламент”, “Конституция ва ижтимоий давлатчилик” каби асарлари ҳуқуқшунослик соҳасида фундаментал илмий манбалар ҳисобланади.
Ҳ.Одилқориевнинг илмий қарашлари қонун устуворлиги, фуқаролик жамияти, ҳуқуқий маданият, давлат бошқарувини модернизация қилиш, медиaция институти, ижтимоий-ҳуқуқий давлат концепцияси каби замонавий ҳуқуқий назарияларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Профессор илмий раҳбар сифатида 30 дан ортиқ фан номзоди ва 12 фан докторини тайёрлаган. Унинг илмий раҳбарлигидаги шогирдлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам илмий ва амалий ҳуқуқшунослик соҳасида муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Унинг ёрқин устозлик фазилатлари ҳақида шогирдлари шундай дейди:
“Устознинг ҳар бир маслаҳати – тажрибалар хазинаси, ҳар бир суҳбати – ҳаётий мактабдир.”
Сўнгги йилларда профессорнинг АҚШ ва Европа давлатларидаги нуфузли илмий журналларда мақолалари чоп этилди. Унинг “Қонунчилик социологияси”, “Одил судловнинг янги босқичи” каби илмий ишлари замонавий ҳуқуқий ислоҳотларни чуқур таҳлил қилади.
Бугун профессор Хожимурод Одилқориев 70 ёшни қарши олмоқда. Бу, нафақат шахсий юбилей, балки мамлакатимиз юридик фанлари ривожи учун катта байрамдир. Устознинг ҳаёт йўли – ёш олимлар учун илҳом манбаи, қонун устуворлиги ва маърифат йўлидаги улуғ намуна ҳисобланади.
Сардорбек ЮСУПОВ,
ТДЮУ кафедра мудири, юридик
фанлари доктори, профессор