
Бугунги кунда таълим, фан ва экология соҳаларидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу йўналишдаги энг илғор ташаббуслардан бири – Қорақалпоқ давлат университети ҳудудида барпо этилган “Илм-маърифат боғи”дир. Мазкур боғ Наманган давлат техника университети ташаббуси ва илмий ёндашуви асосида ҳаётга татбиқ этилди.
Боғда юз тупдан ортиқ манзарали кўчат ва 500 тупдан зиёд турли хил гул экилди. Аҳамиятли жиҳати, бу гуллар ва кўчатлар Наманган давлат техника университетининг лабораторияси ва инновацион иссиқхонасида етиштирилган. Бунда Наманган давлат техника университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган гидрогел технологиясидан фойдаланилди. Ушбу технология сувни тежаш ва ўсимликларни самарали парваришлашда юқори самара беради. Бу эса боғни нафақат гўзал, балки экологик жиҳатдан ҳам барқарор маконга айлантиради.
Тантанали очилиш маросимида икки университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Улар ушбу боғнинг барпо этилиши – таълим, фан ва экологик маданиятнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатувчи ёрқин намуна эканини таъкидлашди.
[gallery-22792]
– “Илм-маърифат боғи” – бу шунчаки гуллар ва ниҳоллар экилган ҳудуд эмас. Бу – ёш авлод учун тарбия маскани, жамиятимизда экологик маданиятни шакллантирувчи ўқув-тарбиявий майдон. Боғда ҳар бир гул, ҳар бир ниҳол илм-фаннинг, меҳнат ва ҳамкорликнинг тимсоли. Бизни қувонтирадиган жиҳати, гидрогел технологияси каби замонавий ёндашувларнинг амалиётда ўз ўрнини топаётганидир. Бундай ташаббуслар орқали биз нафақат табиатга, балки келажак авлод тафаккурига ҳам таъсир кўрсатамиз – дейди Қорақалпоқ давлат университети ректори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмед Реймов.
Тадбирда Наманган давлат техника университети жамоаси Қорақалпоқ давлат университети жамоасига 64-халқаро гуллар фестивалида иштирок этиш учун расмий таклифномани тантанали равишда топширди. Бу таклиф нафақат анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди, балки олий ўқув юртлари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб беради.
Шубҳасиз, “Илм-маърифат боғи” каби ташаббуслар юртимиздаги олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик, фан ютуқларининг амалиётга татбиқ этилиши ва атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу боғ нафақат бугун, балки эртанги кун учун ҳам муҳим пойдевор бўлиши шубҳасиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.