Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларида халқаро стандартларга жавоб берадиган таълим бериш, талабаларни замонавий технологиялар асосида ўқитиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бутун дунёда олий таълим муассасаларининг рейтингини белгилашда таълим сифати, илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик, битирувчилар ва уларнинг муваффақиятлари ҳисобга олинади. Бу мезонлар олий таълим муассасаларини жаҳон миқёсида солиштириш имконини беради.
Буюк Британиянинг нуфузли “Times Higher Education” халқаро рейтинг ташкилоти “World University Rankings” (Дунё университетлари рейтинги)-2025 ТОП-1000 олий таълим ташкилотлари рўйхатини эълон қилди.
Қувонарлиси, илк бор ушбу рейтингда республикамизнинг 3 та олий таълим муассасаси — “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети 601-800 ўринни, Ўзбекистон миллий университети 1001-1200, Тошкент ахборот технологиялари университети 1501-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, 48 та Ўзбекистон олий таълим ташкилоти репортёр (даъвогар) мақомида рўйхатга киритилди, дейилади Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотида.
“THE” ҳисоботида қайд этилишича, тадқиқот сифати мезони таҳлилига кўра, Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг ушбу мезондаги натижалари жаҳон ўртача кўрсаткичидан юқори эканлиги таъкидланди.
Ушбу натижа мамлакат таълим тизимининг ривожланишини ва халқаро миқёсда тан олинаётганини кўрсатади. Бундай муваффақиятлар, албатта, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва сифатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мевасидир.
Маълумот учун, “Times Higher Education” рейтинг ташкилоти дунёнинг 133 давлатининг 2 860 дан ортиқ олий таълим ташкилотлари орасида уларнинг халқаро даражадаги академик нуфузи, илмий нашрлар фаоллиги, иқтибослик самарадорлиги, билимлар трансфери, халқаро ҳамкорлик ҳамда илм-фан ва ижтимоий соҳа равнақига қўшган ҳиссаси мезонлари асосида баҳолаб келади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекистоннинг 2 та олийгоҳи бошқа бир нуфузли рейтинг QS (QS World University Rankings-2025)нинг ТОП-1000 талигидан ўрин эгаллаган эди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА