2025 йил январь ойида Ўзбекистонда иккиламчи автомобиль бозорида маҳаллий автомобиллар ва электромобиллар нархи пасайишда давом этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари таҳлил натижаларига асосланиб хабар берди.
Жорий ойда “Onix”, “Lacetti”, “Cobalt”, “Nexia”, “Spark” ва “Damas” каби маҳаллий автомобилларнинг нархи 0,5 фоиздан 4,1 фоизгача арзонлашди. Масалан, “Damas”нинг кўп фойдаланилган варианти 4,1 фоизга арзонлашган бўлса, “Cobalt”нинг ўртача фойдаланилгани 2,4 фоизга пасайган. Шу билан бирга, люкс тоифадаги “Malibu”, “Equinox” ва “Tracker” моделлари ҳам 1,6 фоиздан 2,9 фоизгача арзонлашган.
Электромобиллар нархида ҳам тушиш кузатилди. Янги BYD “E2” 1,8 фоизга арзонлашиб, $16 800 га тушган. Унинг ўртача фойдаланилган версияси эса 2,9 фоизга пасайган. BYD “Song Plus EV Champion”нинг ўртача фойдаланилгани энг катта тушишни қайд этиб, 3,6 фоизга арзонлашган.
Хорижий автомобиллар бозорида ҳам пасайиш тенденцияси давом этмоқда. Масалан, “Elantra” кўп фойдаланилган версияси 4,8 фоизга, “Seltos” эса 2,1 фоизга арзонлашди. “Tucson” ва “Sportage” каби моделлар нархи ҳам тушган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА