Бухоро вилояти мусиқали драма театри йил якунида Маданият вазирлиги бадиий кенгаши аъзоларига икки асарни тақдимот қилди. Дастлабки асар буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Хамса”си асосида театр бош режиссёри Лазиз Наврўзов ҳамда шоир Камолиддин Шукур томонидан инсценировка қилинган “Хамсанинг туғилиши” номли драматик композиция бўлди.
Режиссёр Лазиз Наврўзов йил сўнггида бу буюк асарга қўл уриб, Навоий ижодининг туб мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган драматик композицияни саҳналаштирди. Асар муҳим тарбиявий аҳамияти, назм ҳамда наво уйғунлашуви билан барча ёшдаги томошабинларга манзур келиши аниқ.

Маданият вазирлиги бадиий кенгашига тақдим қилинган иккинчи асар Эркин Хушвақтовнинг “Қирмизи олма” спектакли бўлиб, комедия характерига эга мазкур асарни ёш режиссёр Орзиқул Пиримов саҳналаштирган. Тоғли қишлоқнинг олмазор боғ билан ўралган ҳовлисида яшаётган кекса энахон раҳматли қизининг фарзанди Рушананинг ҳалол, пок, бировнинг ҳақидан қўрқадиган йигитга турмушга чиқишини, кейин ўша йигит билан бахтли яшаб кетишини орзу қилади. Шу сабабли у невара қизини сўраб келган совчилар учун ўзига хос синов ва имтиҳонлар ўйлаб топади.
– Бир сўз билан айтадиган бўлсак, “Қирмизи олма” ҳалоллик, диёнат, иймон, ваъдага вафо каби инсоний сифатларни ўзида мужассам этган, асарнинг юморга бой саҳнавий кўринишлари томошабинга соф кулги тақдим этади. Унда акс эттирилган ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари кишини чуқур мушоҳадага ундайди, – дейди вилоят мусиқали драма театри адабий бўлими мудири Моҳигул Назарова.

Тақдимотда Маданият вазирлиги бадиий кенгаши аъзолари – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари номзоди О.Ризаев, мазкур институт доценти Ф.Абдувоҳидов, Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр ва актёр У.Омон, вилоят ҳокими маслаҳатчиси А.Рустамов иштирок этди.
Саҳналаштирилган янги асарлар ҳақидаги фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди. Ҳар икки спектаклнинг бадиий кенгаш аъзолари томонидан қабул қилиниши эса жамоага ижодий кайфият бағишлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.