Жорий йил давомида мамлакатимиз спортчилари 3 та комплекс спорт мусобақаларида қатнашса, улар орасида яна икки кундан сўнг Озарбайжонда бошланадиган III МДҲ ўйинлари алоҳида ўринга эга.
Хўш, Озарбайжоннинг 7 та шаҳрида ташкил этиладиган III МДҲ ўйинларида мамлакатимиз спортчилари нечта спорт турида совринли ўринлар учун кураш олиб боради? Ўтган биринчи ва иккинчи МДҲ ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг умумий натижалари қандай кўриниш олган?

Албатта, Олимпия ўйинлари тизимида уюштириладиган ҳар қандай комплекс мусобақада катта натижаларни қайд этиш шарафли.
Тарихга эътибор қаратсак, ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этиладиган МДҲ ўйинларининг биринчиси илк бор 2021 йили Россия Федерацияси Қозон шаҳрида ўтказилган эди.

Ўшанда мамлакатимизнинг 168 нафар спортчилари 18 та спорт турида иштирок этиб, жами 90 та медални қўлга киритган. Шундан 23 та олтин, 32 та кумуш ва 35 та бронза медалларига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаган.
2023 йил Беларусда бўлиб ўтган II МДҲ ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 326 нафар спортчилар билан 22 та спорт турида ғолибликка даъвогарлик қилди. Ўтказилган мусобақалар сарҳисобига кўра, ҳамюртларимиз 106 та медаль, шундан 28 та олтин, 25 та кумуш ва 53 та бронза медалларига эгалик қилди. Умумжамоа ҳисобида 3-ўриндан жой олди.
Бу гал Озарбайжонда бошланадиган III МДҲ ўйинларида мамлакатимизнинг 254 нафар спортчиси 23 та спорт туридаги мусобақаларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши белгиланган.
Ўзбекистон спорт делегациясининг ишчи гуруҳи эртага Озарбайжонга йўл олади.
Мусобақалар 9 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА