English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ифторлик дастурхони ёзилди

Рамазон ойи — мусулмонлар учун энг муқаддас, улуғ ва баракали ойлардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда муқаддас китобимиз — Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам алоҳида таъкидланган. Ушбу ойда қилинган хайр-эҳсонлар ва савобли амаллар бошқа ойларга нисбатан бир неча баробар кўп савобга эга экани уламоларимиз томонидан таъкидлаб келинади.

Юртимизда ҳам ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш, эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Сирдарё вилояти телерадиоканали давлат муассасасида Рамазон ойи, Наврўз байрами муносабати билан ифторлик дастурхони ёзилди. Унда вилоят телевидениеси жамоаси, нуронийлар, мазкур муассасада бир вақтлар раҳбар бўлиб ишлаган собиқ раҳбарлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

–   Рамазонни бежизга меҳр-саховат ойи деб айтилмайди. Шу даргоҳда раҳбар сифатида салкам 10 йил фаолият кўрсатганман. Эътиборли жиҳати шундаки, мен ишлаган даврда бундай замонавий шарт-шароитлар йўқ эди. Бугунги кун талабига жавоб берадиган бино, ижодкорлар ижод қилиши учун яратилган қулайликларни кўриб, киши ҳавас қилади. Ифторлик баҳонасида ижодий мулоқот қилинди, тажриба алмашилди. Сирдарё вилояти телерадиоканалида бир вақтлар ишлаган, аммо бугун орамизда йўқ ижодкорлар ҳам ёд этилди. Муҳими, ёдда қоладиган, унутилмас таассуротларга бой учрашув бўлди, – дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Турғун Норқулов.

Ҳақиқатдан ҳам, янги бинонинг меъморий ечими ва ички тузилишида телерадио соҳасининг барча замонавий талаблари ҳисобга олинган. Студиялар майдони бир неча баробарга кенгайган. Масалан, радиостудиянинг ҳажми 50 квадрат метрни, ахборот дастурлари учун мўлжалланган ижодий майдон эса 150 квадрат метрни ташкил этади. Энг йирик кўрсатувлар учун 450 квадрат метрли ток-шоу студияси фойдаланишга топширилган. Монтаж хоналари, овоз ёзиш студиялари ҳамда тўғридан-тўғри эфирни олиб боришга мўлжалланган платформалар замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

–   Бунинг учун, аввало, Президентимизга раҳмат. Ижодкорларимиз томонидан нафақат вилоятда, балки республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларига бағишланган, тасвирга олинаётган ва эфирга узатилаётган кўрсатувлар ҳам мазмун, ҳам сифат жиҳатидан анча такомиллашди. 1996 йил 15 декабрда илк бор эфирга чиққан Сирдарё телевидениеси шу йиллар мобайнида қатор босқичларни босиб ўтди. Энг асосийси, турли жанрдаги кўрсатувлар, жумладан, тўғридан-тўғри эфир дастурларини тайёрлаш имконияти яратилди. Бугун каналимиз бир кунда 18 соатлик эфир ҳамда 16 соатлик радио эшиттиришларни амалга оширмоқда. Энг муҳими, замонавий студиядан жонли эфирга узатилаётган “Юзма-юз” ва “Тўғридан-тўғри” каби дастурлар кўрсатувлар рейтингини ошириш билан бирга, томошабин билан янада яқин мулоқот ўрнатиш имконини бермоқда,  –    дейди муассаса директори Зафар Дархонов.

Тадбирда телевидение ходимлари томонидан тайёрланган сумалак, ош ва турли ноз-неъматлардан иборат дастурхон файз-барака бағишлаб, рўзадорларга куч-қувват бахш этди. Ифторлик давомида ўтганлар ҳақига дуо қилинди.

Самимий муҳитда ўтган тадбир барчага кўтаринки кайфият улашди. Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлиши, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлиши, халқимиз фаровонлиги ҳамда юртбошимизга узоқ умр тилаб дуога қўл очилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири